ЎзА Ўзбек

08.08.2018 20:25 Чоп этиш версияси

“my.uznature.uz” веб-портали, унда атроф-муҳитга бўлган муносабат намоён бўлади

Мамлакатимизда маиший чиқиндиларни бошқариш соҳасида янги тизим жорий қилинди. Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда қаттиқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетишга ихтисослашган “Тоза ҳудуд” давлат унитар корхоналари ва уларнинг 174 туман, шаҳар филиаллари ташкил этилиб, 5 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилди. Шу билан бирга, 2017 йилда 141 ассенизация машинаси харид қилинди. 304 чиқинди тўплаш шохобчалари қурилиб, 2 минг 651 чиқинди контейнери билан жиҳозланди, 97 чиқинди полигони тартибга келтирилди. 

Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасида ўтказилган матбуот анжуманида шу каби масалалар муҳокама этилди.

Тадбирда Президентнинг 2017 йил 21 апрелдаги “2017-2021 йилларда маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги, 2018 йил 18 майдаги “Маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорлари ижроси бўйича амалга оширилган ишлар хусусида батафсил ахборот берилди.

Маиший чиқиндиларни комплекс бошқариш тизимини ташкил этиш, чиқиндилар билан боғлиқ ишларда давлат бошқаруви ва экологик назоратни такомиллаштиришга катта аҳамият берилмоқда. Масалан, 2016 йилда ободонлаштириш бошқармалари томонидан бор йўғи 1,3 миллион аҳоли (5 фоиз) қаттиқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш хизматлари билан қамраб олинган бўлса, бугунги кунда туман марказлари ва қишлоқларда истиқомат қилувчи 9,4 миллион аҳолига (38 фоиз) хизмат кўрсатилишига эришилди. Жорий йилда қўшимча 273 махсус техника харид қилиниши туфайли ҳозир бу кўрсаткич 52 фоизни ташкил этмоқда.

– Тизим ишини намунали йўлга қўйишда электрон базани жорий қилиш катта аҳамият касб этади, – дейди қўмитанинг АКТ шўъбаси бошлиғи Руслан Ёқубов. – Шу боис “Тоза ҳудуд” давлат унитар корхоналарнинг туман ва шаҳар филиалларида “Биллинг” тизими ўрнатилиб, электрон рақамли калитлар билан таъминланди. Бу тизимнинг афзаллиги шундаки, унда ҳар бир фуқаро ўз ҳисобрақамини очиши ва тўлов қилиши мумкин. Ҳозирги кунда “Тоза ҳудуд” давлат унитар корхоналарида чиқинди ташиш махсус техникалари ҳаракатини масофадан кузатиш тизими жорий этилиб, 1 минг 174 махсус техникага «GPS» навигация ускуналари ўрнатилди. Ҳудудлардаги жами 296 полигонлар тўлиқ хатловдан ўтказилиши ва «ArcGIS» дастури базасида ягона давлат кадастри шакллантирилиши бу борадаги ишлар кўлами учун янада аҳамиятли. Бугун иштирокчиларга “my.uznature.uz” янги экология порталини намойиш этдик. Фото ва видео материалларни жойлаштириш имкониятини берувчи ушбу махсус веб-порталда берилган ҳар бир хабар бўйича тезкор чоралар кўриш, атроф-муҳит ҳолати бўйича жамоатчилик назоратини ўрнатиш йўлидаги энг муҳим қадамдир.

Насиба Зиёдуллаева, ЎзА
7 082