ЎзА Ўзбек

23.07.2018 16:45 Чоп этиш версияси

Музработда 12 та “Yoshlar mehnat guzari” ташкил этилади

Музработда 12 та “Yoshlar mehnat guzari” ташкил этилади Сурхондарё вилояти Музработ туманида Президентимизнинг 2018 йил 27 июндаги “Yoshlar – kelajagimiz” Давлат дастури тўғрисида”ги фармони ижроси доирасида ташкил этилган ишчи гуруҳ фаолиятини мувофиқлаштирувчи махсус штабнинг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди.

Ишчи гуруҳ аъзолари, маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари ва фаоллари иштирок этган йиғилишда маҳаллаларга бириктирилган уйма-уй юрувчи ишчи гуруҳ аъзоларининг ҳудудларда ёшларнинг ижтимоий аҳволи ва муаммоларини ўрганиш борасида қилаётган ишлари атрофлича таҳлил этилди.

Музработ мазкур фармон ижросини таъминлаш бўйича вилоятда намунали туман, деб эълон қилинган. Шунга мувофиқ, бу борадаги ишларни сифатли ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

10 (2).jpg

– Белгиланган вазифаларни тезкор ва сифатли руёбга чиқариш учун уйма-уй юрувчи 12 ҳамда уларнинг ўрганган масалаларини умумлаштирадиган 4 та ишчи гуруҳ ташкил этилган, – дейди туман прокурори, ишчи гуруҳ фаолиятини мувофиқлаштирувчи махсус штаб раҳбари Х.Эркинов. – Ишчи гуруҳларга Ёшлар иттифоқи туман кенгаши, хотин-қизлар қўмитаси ходимлари, маҳаллий Кенгаш депутатлари, маҳаллалар фаолларидан иборат 300 дан ортиқ аъзо жалб этилди. Кўргазмали ўқув-семинар ташкил этилиб, бу ишни самарали йўлга қўйиш юзасидан зарур тавсиялар берилди. Айни пайтда ҳудудларда ёшларнинг ижтимоий аҳволи ва муаммолари атрофлича ўрганилмоқда. Штабда кунлик маълумотлар умумлаштирилиб, аниқланган муаммолар бартараф этилаётир. Штаб замонавий ахборот-коммуникация технологиялари билан таъминланиб, самарали фаолият юритиши учун барча шароит яратилган.

Ҳудудларда фаолият юритаётган ишчи гуруҳлар томонидан ҳозиргача 6 мингдан ортиқ хонадон ўрганилиб, 12 мингдан зиёд ёшлар билан суҳбат ўтказилган. Ўрганиш жараёнида 6 мингдан зиёд ёшлар ишсизлиги, 1 минг 326 ўғил-қиз норасмий иш билан бандлиги, 2 минг 500 дан ортиқ ёшлар ишлаш истагида экани аниқланган. 120 нафар ёшнинг меҳнатга лаёқатсизлиги, 59 нафарининг оила қуришга имконияти йўқлиги, 485 нафари уй-жойга муҳтожлиги, 1000 дан ортиқ ёшларнинг узоқ муддатга хорижда ишлаш учун кетгани маълум бўлди. 1 минг 500 га яқин ўғил-қиз тадбиркорлик фаолиятини бошлаш учун кредит маблағи сўраган. 385 нафар йигит муддатли ҳарбий хизмат бурчини ўташ истаги борлигини билдирган, 70 нафари тадбиркорлик фаолияти учун бино ажратишга кўмаклашишни сўраган. Бўш турган биноларда 12 тадбиркор “Yoshlar mehnat guzari” ташкил этиш истагини билдирган.

11 (1).jpg

Шу куни вилоят ҳокими ўринбосари Р.Чориев ҳамда туман ҳокими Э.Алимов иштирокида “Ҳоким ва ёшлар” учрашуви ўтказилиб, кўплаб ўғил-қизларнинг муаммолари жойида ҳал этилди. Вақт талаб қиладиган масалаларни атрофлича ўрганиш ва ечимини топиш мутасадди раҳбарлар зиммасига юкланди.

– Асаларичилик ва қуёнчилик билан шуғулланишга жуда қизиқаман, – дейди Буюк ипак йўли маҳалласида яшовчи Ў.Мусурмонқулов. – Уйимда асалари парваришлаш учун етарли қути, қуёнчиликни йўлга қўйиш учун зарур шароит мавжуд. Лекин қуён ва ари сотиб олишга маблағим йўқ. Учрашувда ушбу муаммони айтган эдим, тегишли тартибда ҳал этилди. Зарур имтиёзли кредит маблағи ажратиладиган бўлди. Бундан жуда хурсанд бўлдим.

Тадбир доирасида туман прокуратураси ва бандликка кўмаклашиш маркази томонидан ёшлар учун меҳнат ярмаркаси ўтказилди. Унда 101 ташкилот, корхона ва муассаса бўш иш ўринлари билан қатнашди.

– Музработ ижтимоий касб-ҳунар коллежини тамомлаганман, – дейди Шаффоф маҳаласида яшовчи Д.Чоршанбиева. – Ўзимга муносиб иш излаб юрган эдим. Бугунги ярмаркада туман тиббиёт бирлашмасига техник ходим бўлиб ишга жойлашиш учун йўлланма олдим. Биз, ёшларга кўрсатилаётган бундай эътибор ва ғамхўрлик учун давлатимиздан миннатдормиз.

Меҳнат ярмаркасида кўплаб ёшлар ишга жойлашиш учун йўлланма олди. Ҳуқуқий маслаҳатлар берилиб, меҳнат қонунчилиги атрофлича тушунтирилди.

Туманда фаолият юритаётган ишчи гуруҳлар маҳаллаларда уйма-уй юриб, хонадонларда ёшлар масалаларини ўрганиш ишларини изчил давом эттирмоқда.

Холмўмин Маматрайимов, Жонибек Қўзимуродов (сурат) ЎзА
7 368