ЎзА Ўзбек

17.08.2018 17:33 Чоп этиш версияси

Музейнинг тасвирий санъат асарлари халқимиз ва сайёҳлар эътиборида

Музейнинг тасвирий санъат асарлари халқимиз ва сайёҳлар эътиборида Ўзбекистон давлат санъат музейининг “Ўзбекистон халқ амалий санъати”, “Ўзбекистон тасвирий санъати”, “Россия ва Ғарбий Европа давлатлари санъати”, “Хорижий Шарқ мамлакатлари санъати” деб номланган асосий бўлимларида тўқсон саккиз мингдан ортиқ ашё ва коллекция сақланмоқда.

Музей экспозицияда Ўзбекистон, Россия ва Ғарбий Европа мамлакатлари тасвирий санъат усталари асарларига кенг ўрин берилган. Бу санъат асарлари юртимиз ва хорижликлар қизиқишини ўйғотиб келаётганини алоҳида таъкидлаш зарур. Латвия Фанлар академияси президенти Оярс Сарритис юртимизга қилган ташрифи чоғида ушбу масканда бўлиб, бу ерда юқори даражада сақланаётган Европа санъати коллекциялари ва улар орасида ватандоши – рассом Карл Гуннинг «Кўк кўйлакдаги аёл» сурати борлигидан жуда қувонгани бунга яққол мисол.

13.jpg

– 1897-2011 йилларга оид Ўзбекистон миллий рангтасвир ва графиканинг ривожланиш мактаби ва унинг шаклланиш жараёнларини И.Казаков, Р.Зоммер, П.Беньков, А.Николаев, А.Волков, Н.Карахан, Ў.Тансиқбоев, А.Абдуллаев, Р.Аҳмедов, Ч.Аҳмаров, Ж.Умарбеков, Б.Жалолов, А.Нуриддинов ва бошқа йирик мўйқалам соҳиблари асарларида кўришимиз мумкин, – дейди музей директори Васила Файзиева. – XV-XX асрлардаги Россия тасвирий санъати мухлисларни рус иконаларидан тортиб, Д.Левицкий, В.Суриков, В.Боровиковский, О.Кипренский каби йирик рангтасвир усталарининг асарлари билан яқинроқ таништиришга имкон яратади. Дунёга машҳур абстракцанизм ва авангардистларнинг ёрқин ижодкорлари В.Кандинский, А.Явленский, И.Клюн, Э.Стенберг, П.Кончаловский асарлари ҳам музей коллекциясидан ўрин олган.

15.jpg

Ғарбий Европа тасвирий санъат асарлари ҳам ўзининг тарихийлиги билан ажралиб туради. Масалан, номаълум рассом томонидан чизилган “Биби Марям гўдак билан” (XV аср, Италия), Д.Доменикинонинг “Сивилла” (XVII аср, Италия), П.Хуаннинг “Испан қироли Филиппе III портрети” (Испания, 1599 йил), Г.Ринггленинг “Эркак портрети” (Германия, 1606 йил) каби асарлари халқимиз ва сайёҳлар диққат-эътиборида.

11.jpg

Насиба Зиёдуллаева, Фарҳод Абдурасулов (сурат) ЎзА
6 017