Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

13.09.2017 14:21 Чоп этиш версияси

Музейларда тарих мужассам

Музейларда тарих мужассам Бу йил 90 йиллиги нишонланаётган Самарқанд давлат университетининг тарихи, турли даврларга оид ҳаёти ҳақида архив ҳужжатлари, китоблардан кўплаб маълумотлар олиш мумкин. Шу билан бирга, университетда ташкил этилган бир қатор музейлар унинг ўтмиши ва бугунги куни, бу ерда шаклланган илмий мактаблар, фаолият кўрсатган профессор-олимлар ҳақида кенг ва батафсил маълумот олиш имконини беради.

Самарқанд давлат университети илмий-амалий музей-лабораторияси ана шундай муассасалардан биридир. Шаҳардаги Университет хиёбонида, олий ўқув юрти бинолари қаторида жойлашган музей, аввало, ўзига хос архитектураси билан ажралиб туради.

– Университетимиз узоқ йиллар Алишер Навоий номи билан юритилгани, қолаверса, тилшунос ва адабиётшунос олимларимизнинг буюк мутафаккир ҳаёти ва ижодини, унинг Самарқандда таҳсил олган даврларини ўрганиш борасида олиб борган илмий тадқиқотлари натижаларидан ёшларни хабардор этиш мақсадида музей-лабораториянинг энг катта қисми улуғ бобокалонимиз меросини тарғиб этишга бағишланган, – дейди Самарқанд давлат университети профессори Суюн Каримов. – "Улуғ шоирнинг ҳаёт йўли", "Навоий ва Самарқанд", "Алишер Навоий дунё эътирофида", "Навоийшунос олимларимиз", "Навоийнинг адабий мероси" каби бўлимларда буюк аждодимиз, унинг меросини ўрганиш борасида олиб борилган ишлар ҳақида қимматли маълумотлар жамланган. Экспозициялар марказига шоирнинг самарқандлик ҳайкалтарош Тўлаган Ёрқулов ясаган ҳайкали ўрнатилган.

Музей-лабораториянинг “Самарқанд ва Самарқанд давлат университети таълим тарихининг мустақилликкача бўлган даври” деб номланган қисми Марказий Осиё, хусусан, Самарқандда шаклланган таълим тарихини ёритишга бағишланган. Унда илк уйғониш – Ренессанс даври, Амир Темур ва темурийлар даврида илм-фан ва таълим, Марказий Осиёда XVI-XIX, XIX-XX асрларда таълим ҳақида маълумотлар берилган. Самарқанд давлат университетининг шаклланиш даврлари босқичма-босқич кўрсатиб ўтилган. Ушбу даврларда фаолият кўрсатган илм-фан намояндалари ҳақида маълумотлар тўпланган.

1 (3).JPG

“Самарқанд давлат университети мустақиллик йилларида” деб номланган қисмида олий таълим даргоҳининг кейинги 26 йиллик ҳаёти, мамлакатимиз таълим тизимида амалга оширилган ислоҳотлар, янги очилган бўлим ва факультетлар, таълим мутахассисликлари, илмий мактаблар тўғрисида кенг ва батафсил маълумот берилган. Ҳужжатлар, фотосуратлар жойлаштирилган.

Самарқанд давлат университети зоология музейи Марказий Осиёда ягона бўлиб, 1934 йилда ташкил этилган. Университет зоология кафедраси профессор-ўқитувчиларининг илмий изланиш ва тадқиқотлари туфайли музей фонди йил сайин бойиб, бугунги кунда 5000 га яқин умуртқали ҳайвон ва 10 минг турдаги ҳашаротдан иборат энтомологик коллекция яратилган.

– Зоология музейида Ўзбекистон Қизил китобига киритилган кўплаб ҳайвонлар, жумладан, Сирдарё қилқуйруғи, катта ва кичик қилқуйруқлар, судралиб юрувчилардан бўз эчкемари, Ўрта Осиё капча илони, қушлардан Зарафшон қирғовули, қизғиш саққоқуш, қизилқанот, оқ лайлак, қора лайлак, болтаютар, сут эмизувчилардан Ўрта Осиё қундузи, олакўзан, Тянь-Шань қўнғир айиғи, Бухоро буғуси, архар, Қизилқум ёввойи қўйи, жайрон ҳамда Халқаро табиатни муҳофаза қилиш иттифоқи Қизил китобига киритилган тоғ қоплони ва бошқа ноёб ҳайвонлар экспонатлари сақланмоқда, – дейди Самарқанд давлат университети профессори Абдурашид Жабборов. – Турон йўлбарси музейнинг энг ноёб ашёларидан биридир. Бу ҳайвон 1954 йилдан буён табиатда ҳам, ҳайвонот боғларида ҳам сақланиб қолмаганини инобатга олсак, 1935 йилда Амударё тўқайзорларидан тутилган турон йўлбарси экспонати жаҳонда фақат бизнинг музейимизда борлиги ойдинлашади.

6 (2).JPG

Биология ва кимё факультетида илмий-педагогик фаолиятни унумли ва самарали ташкил этишда, келажак авлоднинг экологик маданиятини шакллантириш ва экологик таълим-тарбияни пухта олиб бориш, жонли табиатни муҳофаза қилишда зоология музейининг ўрни ва аҳамияти ниҳоятда катта. 1996-2017 йилларда ушбу музейнинг Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Фан ва техника давлат қўмитаси грантларига сазовор бўлгани ҳам шундан далолат беради.

Самарқанд давлат университети археология кафедраси профессор-ўқитувчилари томонидан йиллар давомида олиб борилган қазишма ишлари ва ушбу жараёнда ноёб тарихий ашёлар топилиши 1989 йилда тарих факультети қошида археология музейини ташкил этишга асос бўлган. Мазкур музейдан ўтган асрнинг 50-йилларидан бошлаб университет археолог олимлари томонидан юртимизда олиб борилган изланишлар, экспедициялар давомида топилган, сайёрамиз тарихининг турли даврларига оид археологик топилмалар ўрин олган. Айни пайтда 58 мингдан ортиқ ана шундай ноёб ашёдан 30 дан зиёд коллекция тайёрланган.

Археология музейи ҳам университетнинг бошқа музейлари сингари, биринчи навбатда, юртимиз тарихи ва маданияти ҳақида маълумот берувчи маскан сифатида қадрланади. Шунингдек, илм ўчоғи вазифасини бажариб, талаба-ёшларнинг танлаган мутахассислиги бўйича бой билим олиши, соҳага оид кўникмасини шакллантиришга хизмат қилади, ёш тадқиқотчиларнинг илмий изланишларини самарали олиб боришига ёрдам беради.

– Университетимиз қанчалик бой тарихга эга экани, бу ерда кўплаб академиклар, фан арбоблари, ўз даврининг улуғ устоз ва мураббийлари фаолият кўрсатгани ҳақида маълумотга эга бўлишда музейларнинг ўрни беқиёс, – дейди Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг Самарқанд давлат университетидаги бошланғич ташкилоти етакчиси Ҳусен Тўхтаев. – Шу боис талабаликка қабул қилинган ҳар бир йигит-қизнинг университет билан танишуви музейлардан бошланади ва ўқиш давомида улар бу масканларга тез-тез келиб туради. Кўплаб маънавий тадбирларни айнан музейларда, ахборот-ресурс марказида ва университетнинг бошқа тарихий жойларида ўтказамиз. Бу талабаларнинг юртимиз тарихи ва маданияти, аждодларимиз ҳаёти ва маънавий мероси ҳақидаги билим ва тушунчаларини ошириш, уларда Ватандан ғурур-ифтихор туйғуларини юксалтиришга хизмат қилади.

Ғолиб Ҳасанов, Алишер Исроилов (сурат), ЎзА
4 196






Все о погоде - Pogoda.uz