ЎзА Ўзбек

17.08.2018 21:32 Чоп этиш версияси

Музей ичида музей

Музей ичида музей Наманган вилоятининг Тўрақўрғон туманида “Қатағон қурбонлари хотираси” музейи очилди.

Шу муносабат билан вилоят, туман давлат ва жамоат ташкилотлари масъул ходимлари, фахрийлар, ёшлар, журналистлар иштирокида бўлиб ўтган маросимда миллий озодлик, мустақиллик йўлида халқимиз бошидан кечирган қора кунлар, истибдодга қарши курашда шаҳид кетган, собиқ тузумнинг аёвсиз қатағони қурбони бўлган ота-боболаримизнинг матонат ва маънавий жасорати, унинг бугунимиз ва келажак ҳаётимизда тутган ўрни ҳақида сўз юритилди. 

 

– Ушбу музей Ватанимиз мустақиллигининг 27 йиллик байрами арафасида очилгани миллий эрксизлик, истибдод зулмининг қурбони бўлганлар хотирасига мангу эҳтиром рамзи сифатида катта маънавий-маърифий аҳамият касб этади, – дейди Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Қатағон қурбонлари хотираси” музейи директори Б.Ҳасанов. – Бундай музейлар Президентимиз ташаббуси билан юртимиздаги олий таълим муассасалари тизимида ташкил этилмоқда, бундан кўзланган мақсад ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашдир.

Наманган давлат университети тузилмасидаги мазкур музей Тўрақўрғон туманида барпо қилинган Исҳоқхон Ибрат хотира мажмуасидан жой олди. Зеро, маърифатпарвар Исҳоқхон Ибрат ҳам қатағон қурбони бўлган, янги музей айнан шу ерда ташкил этилиши бу эзгу амалнинг таъсирчанлигини янада оширишга хизмат қилади.

Иштирокчилар музей экспонатлари билан атрофлича танишди. “Ўрта Осиёнинг чор Россияси томонидан босиб олиниши”, “Совет ҳокимиятининг ўрнатилиши”, “1930-1937 йиллар қатағони”, “1940-1950 йиллар қатағони қурбонлари”, “Пахта иши”, “Мустақиллик йилларида тарихий адолатнинг тикланиши ва қатағон қурбонлари хотирасининг абадийлаштирилиши” сингари бўлимларда жамланган ёдгорликлар барчада катта таассурот қолдирди.

13.jpg

– Шу музейни кўргани Чуст туманидан атай келдим, – дейди фахрий педагог Ҳ.Жўраева. – Суратларни кўриб кўнглим вайрон бўлди, кўзимга ёш келди. Мен халқимиз бошига шундай қора кунларни солган, зиёли, маърифатпарвар ота-боболаримизни жабр-ситамда адо қилганларни асло кечирмайман. Янаям кечиримли халқ эканмиз...

Ўша даврларга оид фото ва қўлёзма материаллар, тарихий буюмларни томоша қилган иштирокчилар гўё ўтмиш билан юзлашгандек бўлди. Дизайнерлар маҳорат билан ишлаган панжарали турма ва унда терговчи томонидан сўроқ қилинаётган маҳбуснинг макетлари эса аянчли йиллар азобини юракдан ҳис этишга янада ёрдам берди.

Акромжон Сатторов, Ҳотам Мамадалиев (сурат) ЎзА
5 028