ЎзА Ўзбек

15.03.2019 22:10 Чоп этиш версияси

Муз саройи спорт равнақига хизмат қилади​

Муз саройи спорт равнақига хизмат қилади​

15 март куни Тошкент шаҳрида "Humo Arena" муз саройи очилди. ЎзА мухбири тантана қатнашчиларидан айримларининг фикрлари билан қизиқди.​

Фаррух ЗОКИРОВ, Ўзбекистон халқ артисти:

– Бугунги кунда мамлакатимизда спортнинг барча турларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мазкур муз саройи ҳам, айниқса, спортнинг қишки турларини оммалаштиришда муҳим аҳамият касб этади. Бундан ташқари, мазкур мажмуанинг очилиши нафақат спорт мусобақалари учун, бу ерда келгусида турли шоулар, концерт ҳамда анжуманлар ўтказилишига имконият яратади. Чунки спорт саройи замон талабига жавоб берадиган техникалар билан жиҳозланган. Мажмуа архитектураси ҳам жуда чиройли. Бундан ғурурланишимиз, фарзандларимизни спортсевар қилиб тарбиялашимиз керак. Илгарилари чим устида хоккей ўйнардик. Ҳозир эса ёшлар учун мана шундай муҳташам спорт саройлари барпо этилмоқда.

Отабек ҚОДИРОВ, спортнинг қишки ва мураккаб техник турлари бўйича Республика олий спорт маҳорати мактаби директори ўринбосари:

– Биз шу пайтгача спортнинг фигурали учиш ва хоккей турлари бўйича машғулотларни пойтахтимиздаги “Ice City” ва Фурқат номидаги маданият ва истироҳат боғида жойлашган “Ice Avenue” муз саройларида, шунингдек, Россия, Туркия ҳамда Қозоғистон давлатларидаги спорт иншоотларида ўтказишга мажбур эдик. Мана энди, барча шароитларга эга спорт саройининг очилиши имкониятларимизни кенгайтирди. Бу эса қишки спорт турлари ривожланиши, ёшларнинг бунга қизиқиши ортишига, маблағимизнинг тежалишига хизмат қилади.

Лазиза СОЛИЕВА, фигурали учиш бўйича терма жамоа аъзоси:

– Фигурали учиш – бу жуда ҳам чиройли спорт тури. Саккиз йилдан бери мазкур спорт тури билан шуғулланаман. Бир неча бор халқаро мусобақаларда иштирок этганман. Хориж давлатларидаги спорт иншоотларида яратилган шароитларни кўриб, ҳавас билан қарардик. Юртимизда ҳам шундай замонавий ареналар бўлишини орзу қилардик. Бугун ўша орзуларимиз ушалди, Марказий Осиёда ягона муз саройи биз, ёшлар учун барпо этилди. Бундан, албатта, хурсандмиз, Президентимизга минг раҳмат. Бундай имкониятлардан фойдаланиб, халқаро мусобақаларда муносиб иштирок этган ҳолда юртимиз байроғини баланд кўтарамиз.

Самандар ҲАМРОҚУЛОВ, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист:

– Болалигимизда телевизорда хоккей кўриб қизиқардик-да, биз ҳам қордан муз ясаб, ўйнардик. Бугунги кунда мамлакатимизда спортнинг барча турлари оммалаштирилмоқда, шарт-шароитлар яратилиб, муз саройлари қурилмоқда. Бу эса ёшларимизнинг халқаро мусобақаларда муносиб иштирок этишида намоён бўлмоқда. Ёшларимиз кўплаб спорт турлари бўйича дунёда тенгсиз эканлигини кўрсатиб бўлди. Ишонаманки, юртимизда ҳам хоккей тезда ривожланиб, спортчиларимиз Осиё ва жаҳон чемпионатларида қатнашади.

Умар АСРОРОВ, ЎзА мухбири
4 617