Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги

07.08.2018 21:25 Чоп этиш версияси

Муваффақиятга эришиш сирлари

Муваффақиятга эришиш сирлари
Ҳаётда аниқ мақсад билан яшаган киши муваффақиятга эришади. Агар инсон самимийлик билан бошқаларга энг яхши маҳсулот ва хизматни таклиф қилса, унда муваффақиятга эришиш имконияти кескин равишда ортади. Бунда фикр, сўз самимийлиги муҳим ўрин тутади. Самимийлик эвазига инсон ўз-ўзини ҳурмат қилиш туйғуси ҳамда севиниш ҳиссини туяди. Хуллас, ички "мен" деб аталувчи ғурури билан келишган ҳолда муваффақиятга, машҳурликка ва бойликка эришиш ёки аксинча, қашшоқликка ва умидсизликка тушиб қолиш мумкин. 

Ёшлар иттифоқи ахборот хизмати хабарига кўра, ёрқин келажакка ундовчи ва кишини руҳлантирувчи мана шундай қимматли маслаҳатлар Наманган шаҳрида Халқаро бизнес ва технологиялар ассоциацияси бошқаруви раиси Ҳикмат Абдураҳмонов, “Ofiss market” раҳбари Ҳасан Мамасаидов, “Deli.uz” раҳбари Ҳусан Мамасаидов, “Edu-Action” асосчиси Умиджон Ишмуҳаммедов каби тажрибали тадбиркорлар томонидан “Муваффақиятга эришиш сирлари” мавзусида ўтган маҳорат дарслари амалий семинарларда янгради.

"Глобал тадбиркорлик тармоғи" доирасида ташкил этилган маҳорат дарслари ҳамда семинарлар доирасида "Ёшлар-келажагимиз" шиори остида Наманган "Ёшлар маркази"да 30 нафардан ортиқ ёш тадбиркор, ҳунарманд ва фермерлар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар кўргазмаси ташкил этилди.

“Муваффақиятга эришиш сирлари” мавзусидаги кенгайтирилган маҳорат дарси "Наманган ёшлар маркази"да бўлиб ўтди. 340 нафардан ортиқ ёшлар иштирок этган учрашувда касб-ҳунар коллежлари битирувчилари, уюшмаган ёшлар ҳамда ёш тадбиркорлар муваффақият сирларини мамлакатимизнинг етакчи тадбиркорларидан ўрганишди.

Муваффақиятга эришган тажрибали тадбиркорлар Наманган шаҳрида яқинда иш бошлаган «Давлат хизматлари» марказини бориб кўрди. Улар ташриф давомида аҳоли ҳамда тадбиркорлар учун яратилган имтиёзлар ва кўрсатилаётган 100 дан ортиқ хизматлар билан яқиндан танишиб, мутасадди ходимларга маслаҳатлар берди.

– Истакларнинг самимийлигига бошқаларни ишонтириш баъзан жуда оғир кечади. Лекин бизнесни бошлаган инсон шунга ҳам тайёр бўлиши керак. Шунинг учун истаклар самимий бўлмоғи лозим, – дея тушунтирди “Ofiss market” раҳбари Ҳасан Мамасаидов. – Баъзан иш борасида пайдо бўладиган қийинчиликларни истакларингизнинг самимийлиги билан енгиб ўтишингиз мумкин. Агар қилаётган меҳнатингиз учун олмоқчи бўлган ҳақингиз ҳалол ва шунга арзигулик эканлигига ишонса, унда сизнинг шерикларингиз ҳам фикрингизга қўшилади.

Ёшларда тадбиркорлик кўникмаларини янада ривожлантириш мақсадида ташкил этилган қатор тадбирларда жами 830 нафардан ортиқ ёшлар иштирок этди.

ЎзА