ЎзА Ўзбек

07.02.2020 Чоп этиш версияси

Мутлақо махфий: Қўқон хазинаси қаерда?..

Мутлақо махфий: Қўқон хазинаси қаерда?..
Фарғонанинг антиқа топилмалари

Юртимиз ҳар бир ҳудудининг ўз ўтмиши бор. Хусусан, Фарғона вилояти тарихидан сўзловчи ноёб топилмалар ҳам минг йиллик тарихимиздан далолатдир. Кўҳна кентнинг “Даван” номли афсонавий учқур отлари Хитой ва арабистонликларни лол қолдирган. Ҳақиқатдан ҳам бу отлар бўлганми? “Сўх тош тумори” ёки Қувадан топилган Будда ҳайкали ҳақида нималарни биласиз? 

Сайтимизда ташкил этилган “Фарғонанинг антиқа топилмалари” рукни орқали бу ҳақидаги қизиқарли маълумотлар билан танишишингиз мумкин. 

***

Маълумки, 1873 йили Қўқон хонлигида бошланган қўзғолон кейинчалик умумхалқ ҳаракатига айланиб кетди. Бунинг оқибатида 1875 йил 22 июлда Худоёрхон Қўқон хонлигидан Хўжанд орқали Тошкентга қочишга мажбур бўлди. У бунга пухта тайёргарлик кўриб, Қўқон хонлигининг хазинасини олиб кетишга муваффақ бўлди. Аммо бу хазинанинг тақдири ҳанузгача номаълум эди. 

Шу муносабат билан архив ҳужжатидан парча келтирмоқчимиз: “Сирдарё вилоятининг ҳарбий губернаторига. 1875 йил. 24 июль. Мутлақо махфий.

...Шу куни (24 июль) кеч соат 6.00 да Қўқон хони Худоёрхон ўз оиласи, 70 кишилик аёллар жамоаси, 500 кишига яқин ҳамроҳлари ва 40 арава билан бирга Хўжандга келди...

Хўжанд уезди бошлиғи (имзо) Подполковник Барон Нольде”.

Худоёрхон Тошкентга келганидан кейин Туркистон генерал-губернатори фон К. П. Кауфман билан учрашиб, ундан ҳарбий ёрдам сўради. Аммо К.П. Кауфман ёрдам беришнинг ўрнига росмана қароқчидек, бу хазинани қўлга киритиб, хонни Оренбургга сургун қилди.

Кейинчалик Худоёрхон Оренбургдан қочишга муваффақ бўлган эди.

Ҳ. Бобобеков, 
ЎзФА Тарих институти “Янги тарих” бўлимининг 
мудири, тарих фанлари номзоди.

 1991 йил 20 февраль

Таҳририятдан: Манбаларда ёзилишича, Худоёрхон Оренбургдан қочиб Маккага борган. Ҳаж зиёратидан сўнг Ироқ, Ҳиндистон ва бошқа мамлакатларда бўлади. Хон ҳаётининг охирги ойлари ҳақида “Туркистон вилоятининг газети”да 1881 йил 15 мартда қуйидагича хабар босилади: “Илгари Хўқандда хон бўлғон Худоёрхон Бўмбай шаҳридан ёзғон мактубида зоҳир қиладурким, ўтган йилларда Ўрунбурхдин Маккага кетиб, касал бўлиб, ўзиға муолажа қилмоқ учун Бўмбай шаҳриға келибдур. Аммо Ўрунбурхдин подшоҳ ҳазратларидин берухсат кетгани учун Маккадин қайтар маҳалда Худоёрхон улуғ императори аъзам ҳазратлариға маъруз айлаб, гуноҳин афв қилмоқни илтимос қилғон экан. Энди эшитиладурки, Туркистон вилоятининг улуғ генерал-губернатори Худоёрхондин маъафв айлаб, Ўрусия мамлакатиға қайтмоқлари хусусида розилиқ берибдурлар”.

Худоёрхон вафоти ҳақидаги кўплаб манбаларда у Маккада билагига чиққан ёмон ярани Бўмбайда инглиз докторига операция қилдирган бўлса ҳам яра тузалмагани ва хоннинг ўлими ҳам шу яра оқибатида содир бўлгани қайд этилган. Сўнгги вақтда ЎзРМД архивида топилган материалларга, жумладан, Худоёрхон билан ҳаж сафарида, ундан сўнг Каррухда бирга бўлган, хонни дафн этиш маросимида шахсан қатнашган хивалик савдогар Турдибойхўжа Ўтамишевнинг гувоҳлигича, хон Каррухга яқинлашган чоғда қаттиқ кўкрак оғриғи касалига учраб, бир ой чамаси ётганидан сўнг шу дард туфайли вафот этади. (ЎзРМД архиви, ж.1., ҳ. 4, иш 45, 35-саҳифа). 

Ҳанузгача Қўқон хонлигининг хазинаси қаерда эканлиги ҳақида аниқ манба йўқ. Бу борада тарихчи олимларимиз изланишлар олиб бориб, аниқлик киритса яхши бўларди.

16 097
ЎзА