ЎзА Ўзбек

15.09.2018 16:14:34 Чоп этиш версияси

ЎзА танқид қилади: “Мутасаддиларнинг қанчаси келиб кетди, аммо натижа йўқ”


Фарғона вилоятида мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш, моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, мактабгача таълим муассасалари давлат ва нодавлат тармоғини кенгайтириш, уларни малакали педагог кадрлар билан таъминлаш борасида муайян ишлар амалга оширилмоқда. Аммо бугунги кунда қишлоқ ҳудудларида мазкур йўналишда муаммолар талайгина.

1.jpg

Риштон тумани мактабгача таълим бўлими мудири Муножатхон Ҳусанованинг айтишича, туманда бугунги кунда 49 та мактабгача таълим муассасаси фаолият кўрсатиб келмоқда. Уларга 6 мингдан ортиқ бола қамраб олинган. Туман бўйича болаларни мактабгача таълим муассасаларига қамраб олиш 38 % ни ташкил этмоқда. Жорий йилда давлат-хусусий шериклик шартлари асосида 12 та лойиҳа амалга оширилиши кўзда тутилган бўлса-да, бу ҳали ҳамон пайсалга солинмоқда.

7.jpg

Ҳақиқатан ҳам, бугунги кунда қишлоқ жойларида мактабгача таълим муассасалари сонини кескин ошириш зарурати туғилмоқда. Айрим қишлоқ шароитида яшайдиган ёш оналар учун болалар боғчаси масаласи ҳаётий эҳтиёжга айланган. Афсуски, туманнинг баъзи мактабгача таълим масканлари бугунги кун талабига умуман жавоб бермайди. Ачинарлиси, ҳудуднинг ўзида ҳал бўладиган муаммоларга ҳам мутасаддилар панжа ортидан қарамоқда.

2.jpg

“Қошқайрон” маҳалла фуқаролар йиғинидаги 28-мактабгача таълим муассасасида бўлган киши ана шундай нохуш манзарага дуч келади. Қишлоқ аҳли кўп жойга бу ердаги муаммолар борасида мурожаат билан чиқди, амалда эса ҳеч нарса бўлмаяпти. Айни кунларда бу ерда 5 та гуруҳда 100 нафар бола тарбияланмоқда.

3.jpg

1991 йилда бунёд этилган мазкур замонавий масканнинг бугун фақатгина битта биноси фаолият кўрсатмоқда. Бир гектардан ортиқ ҳудуднинг атрофи девор билан ўралмаган. Ободонлаштириш ишларини гапирмаса ҳам бўлади. Ҳудудни бегона ўтлар босиб ётибди. Оқава сув билан ҳам таъминланмаган.

8.jpg

– Бир қатор вазирликлардан келиб, муаммоларимизни кўриб, “ҳал қилиб берамиз“, деб ваъдалар бериб кетишган, – дейди мазкур мактабгача таълим муассасаси раҳбари Матлуба Маҳкамова. – Аммо вақт ўтмоқдаки, амалий натижа йўқ. Орқадаги бўш турган бино масаласи ҳам ўз ечимини топмаяпти. Маҳалламизда бу бинони олиб, давлат-хусусий шерикчилик асосида боғча қиламан, деган тадбиркорлар бор.

6.jpg

Мактабгача таълим тизимини ривожлантиришга муҳим эътибор қаратилаётган бир пайтда баъзи мутасаддилар бунга бефарқлик билан муносабатда бўлмоқда. Мазкур 28-мактабгача таълим масканидаги ҳолат ҳам буни яққол кўрсатиб турибди. Маҳаллада боласини боғчага бериш ниятида бўлган ота-оналар жуда кўп. Афсуски, бу ерда шароитларнинг етарли эмаслиги натижасида болалар қамраб олинмаяпти.