ЎзА Ўзбек

01.06.2020 Чоп этиш версияси

Мутасаддиларга мурожаат: томонларнинг таълим бўйича шартнома шартлари бузилди, бунга ким жавобгар?

Мутасаддиларга мурожаат: томонларнинг таълим бўйича шартнома шартлари бузилди, бунга ким жавобгар?

Жорий йилнинг 18 май куни Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясига “THE BRITISH SCHOOL OF TASHKENT” нодавлат таълим муассасасининг 144 нафар буюртмачиси петиция эълон қилингани ва истеъмолчиларнинг ҳуқуқи бузилаётгани тўғрисида мурожаат келиб тушди. 

Мурожаатга кўра, жорий йилнинг 2019/2020 ўқув йиллари учун тарафлар ўртасида тузилган шартнома (4.7.-банди) бўйича триместрлар учун тўловлар амалга ошириш саналари белгиланган. Яъни 1, 2 ва 3 марта бўлиб-бўлиб тўлаш амалиёти бўйича мактаб ўқувчиларининг ота-оналари биринчи ва иккинчи триместрларнинг ҳар бирига 44 миллион сўмдан 47 миллион сўмгача (синфлар кесимида) тўловни амалга оширишган. 

Аммо ҳозирги пандемия даврида икки томоннинг ўзаро тузилган шартнома шартлари вазият тақозоси билан бироз ўзгарган. Асосан инглиз тили мукаммал ўқитиладиган мазкур нодавлат таълим муассасасининг педагог-ўқитувчилари чет эллик бўлгани ва карантин жорий этилгач, ўз юртларига қайтиб кетишгани вазиятни янада мураккаблаштирган. Апрель ойидан бошлаб, ўқувчиларга мактаб ўқитувчилари “Zoom” интернет дастури орқали онлайн режимда таълим беришни йўлга қўйишади. 

Аммо буюртмачилар ушбу онлайн дарсларнинг сифати, дарс бериш услубидан мутлақо норози. Бу бўйича нодавлат таълим муассасасининг раҳбариятига оғзаки ва ёзма тарзда, учинчи триместр учун тўловни амалга оширмаслик бўйича мурожаат этишган. Лекин таълим муассасаси бунга ҳеч қандай расмий баёнот бермаган.

Буюртмачиларнинг истеъмолчи сифатидаги ҳуқуқлари бузилганлигини инобатга олиб, ушбу масалага ойдинлик киритиш лозимлиги ҳақида тегишли мутасаддиларга мурожаат этиб қоламиз.

Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини
ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси ахборот хизмати

3 476
ЎзA