ЎзА Ўзбек

24.07.2018 13:11 Чоп этиш версияси

Мутасаддилар сусткашликка йўл қўйганини тан олди

Мутасаддилар сусткашликка йўл қўйганини тан олди
Хоразм вилояти Гурлан туманидаги Эшимжирон қишлоғида “Обод қишлоқ” дастури доирасида кенг кўламли қурилиш-ободонлаштириш ишлари олиб борилиши керак эди. Аммо ишлар ўз ҳолига ташлаб қўйилди, амалга оширилганлари ҳам номигагина қилинди. Хўш, нега? 

Масалан, Тадбиркорлар кўчасида уйларнинг фақат олд қисми таъмирланган холос, ён томонлари ўз ҳолича қолган. Ичимлик суви қувури ётқизиш учун кўчада олиб борилган қазув ишлари, мана, бир ойдан кўпроқ вақт ўтган бўлса-да, ҳамон "туя гўшти еб ётибди". Аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида ётқизилиши лозим бўлган 8 километрлик қувурнинг тўрт ярим километрида иш бажарилган. Йўлларни таъмирлаш ҳам шу аҳволда. Кўчада машинада ҳаракатланишнинг сира имкони йўқ, ҳамма ёқ ковлаб ташланган. Бунинг устига аҳоли йўл бўйида уюлиб ётган тупроқ устига маиший ва бошқа чиқиндиларни ташлаб, ахлатхонага айлантирган.

– Қишлоғимизда 512 хонадон мавжуд, 3 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилади, – дейди қишлоқ фаоли Ўрол Матқурбонов. – Кўриб турганингиздек, йўлларимиз авария ҳолатида. Мактабгача таълим муассасаси умуман йўқ. Умумтаълим мактаби эса таъмирга муҳтож. Қишлоғимизда на дўкон, на болалар майдончаси бор. Президентимиз ташаббуси билан бизнинг қишлоғимиз ҳам “Обод қишлоқ” дастурига кирган. Аммо айрим маҳаллий раҳбарларга бу ҳали етиб келмаган шекилли?! Йўқса, махсус дастурга киритилган қишлоққа бирор марта бўлса-да, "қадам ранжида" қилишармиди, дейманда. Йўлларни кўп йиллардан буён ўзимиз хонадонлардан пул йиғиб, жорий таъмирлаймиз. Туман марказига автобус қатнови ҳам йўлга қўйилмаган. Хуллас, юртимизда бўлаётган оламшумул ўзгаришларни телевизорда кўриб, бизга ҳам шундай шароитлар келиб қолармикан, деб ҳавас қилиб ўтирамиз. 

Дарҳақиқат, қишлоқ аҳли дастур асосида қилиниши лозим бўлган ободончилик борасидаги сусткашликлардан норози. Биз вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида туман ҳокими вазифасини бажарувчи Қаҳрамон Мадраҳимов ҳузурига бордик.

– Эшимжирон ва Гулистон қишлоқлари "Обод қишлоқ" дастурига киритилган, – дейди Қ.Мадраҳимов. – Ҳақиқатан ҳам, ҳар ким ўз ишига танқидий баҳо берсагина муваффақиятга эришади. Шу нуқтаи назардан, очиғини айтсам, биз ҳам анча сусткашликка йўл қўйдик, тан оламиз. Шахсан ўзим ҳам шу дастурнинг ичига чуқурроқ кирмаганим билиниб қолди. Шундай бўлгач, дастурнинг мақсадини аҳолига тушунтириш ҳам қийин кечди. Аммо ҳозир қишлоқ аҳолиси ўзи бизга кўмакдош бўлмоқда. Шунингдек, тижорат банклари томонидан моддий кўмак берилаётир. Биздан талаб қилинадигани янада кўпроқ меҳнат қилиш ва барча вазифаларни ўз муддатида бажариш.

Тўғри, туман раҳбари ободончилик ишларидаги сусткашликни тан олди. Лекин, бу билан иш битмайди-да...

Умумтаълим мактабларида таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда, бироқ қишлоқда болалар боғчаси йўқ. Болажонлар боғча кўрмасдан тўғри мактабга боришади. Ваҳоланки, боланинг билими ва тафаккури кенгайишида, истеъдод ва салоҳиятини ривожлантиришда мактабгача таълим муассасасининг ўрни катта.

Дастур бўйича қишлоқда бир қатор маданий-маиший объектлар қурилиши режалаштирилган. Лекин ҳанузгача қурилиш у ёқда турсин, ҳатто қуриладиган жойлари ҳам аниқ эмас. Қишлоқда 28-умумтаълим мактаби ва 9-оилавий поликлиника мавжуд. Аммо аҳолига тиббий хизмат кўрсатадиган маскан фойдаланишга яроқсиз ҳолда. Қурилганига кўп йиллар бўлган ушбу бинода ҳам жим-житлик. Деворлари зах тортган, баъзи жойлари нураб ётибди. Уни таъмирлагандан кўра янгисини қуриб қўя қолган яхши эмасми?

Эшимжирон қишлоғи дарё бўйида жойлашган бўлса-да, ариқларга сув фақат насос ёрдамида чиқарилади. Шифокорлар кўчасида истиқомат қилувчи аҳоли кейинги йилларда сув етишмовчилигидан азият чекади. Чунки бир пайтлар кўчадан оқиб ўтувчи катта канал йиллар давомида ноқонуний қурилишлар туфайли кичкинагина ариқчага айланиб қолган. Ўзбошимчалик билан қурилиш қилган устамонлар бир йўла ариқчага ахлатни ҳам оқизиб юбормоқда. Сув етиб бормайдиган хонадонларда истиқомат қилувчи аҳоли бу борада туман ҳокимлигига кўп мурожаат қилган. Лекин натижа йўқ.

– Дарё бўйида яшасанг-у сув тақчиллигидан томорқада экин-тикин қилолмасанг, кишига алам қилар экан, – де
йди уй бекаси Уллижон Матсафоева. – Боғларимиз сувсизликдан қақраб ётибди. Туман ҳокимига бир неча бор мурожаат қилдик, аммо фойдаси бўлмади. "Обод қишлоқ" дастури доирасида туман ҳокимлиги бу масалани ижобий ҳал қилади, деган умиддамиз.

Тўғри, дастур доирасидаги ишлар бошланганига бир ойдан кўп вақт ўтди. Лекин эндигина силжий бошлади. Демак, мутасадди раҳбарлардан ташкилотчилик ва фидойилик талаб этилади. Албатта, аҳолининг ўзига боғлиқ масалалар ҳам кўп. Масалан, аҳоли ўз уйини обод қилиши, турмушини яхшилаши ўрнига "бизга шу ҳам бўлаверади", қабилида эскича қарашлар билан яшаётганини қандай тушуниш мумкин? Уйлар атрофига турли маиший чиқиндилар ташланган, ўчоқлар пала-партиш қуриб ташланган. Қаровсизликдан қамишзорга айланган томорқа ҳам бўм-бўш. Бунга сув етишмаслигини рўкач қилишади. Тўғри, сув кам, ҳеч ким буни инкор этмайди. Лекин томорқасида турли дарахтлар баравж ўсаётган, турфа гуллар экилган ҳовлилар ҳам бор-ку!? Демак, гап одамнинг ўзида, хонадони обод, турмуши фаровон бўлиши оилаларнинг ўзига ҳам боғлиқ экан-да. 

Ачинарлиси, айрим юртдошларимиз ҳамон боқимандалик кайфиятидан халос бўлолмаган. Ким борса “тепа”дагилар биздан хабар олишмайди, деб шикоят қилишни билади, холос. Ўзининг қўлидан келадиган оддийгина томорқада зироат етиштиришга, уйи атрофини озода сақлашга, саранжомлашга эринади. 

Таъкидлаш керакки, қишлоқда бирмунча амалий ишлар ҳам қилинган. Масалан, туман электр тармоқлари идораси томонидан 2 минг метрдан ортиқ электр симлари янгисига алмаштирилиб, қўшимча 2 трансформатор ўрнатилмоқда. Бу аҳолини узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш имконини беради.

“Қарс икки қўлдан чиқади" деганларидек, мутасаддилар ҳам, аҳоли ҳам бирдай ҳаракат қилиши лозим. Дастурга кирдими, демак, Эшимжирон ҳам обод қишлоққа айланади, албатта. Фақат ҳокимлик, мутасадди ташкилот вакиллари ўз масъулиятини янада ошириши, маҳалла аҳли эса ҳамжиҳат бўлиб уларга ёрдамлашиши, энг муҳими, дастурда белгиланган чора-тадбирлар режаси ўз вақтида бажарилиши лозим.

Аҳмаджон Шокиров, ЎзА
5 570