ЎзА Ўзбек

28.08.2018 21:35 Чоп этиш версияси

Мутал Бурҳонов уй-музейи очилди

Мутал Бурҳонов уй-музейи очилди Бухоро шаҳрининг Баҳоуддин Нақшбанд кўчаси 182/1-уйда миллий мусиқа санъатимизнинг буюк намояндаларидан бири Мутал Бурҳоновнинг уй-музейи очилди.

Уй-музей Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 11 декабрда қабул қилинган “2017-2027 йилларда давлат музейлари фаолиятини такомиллаштириш ва моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори асосида Бухоро давлат бадиий меъморчилик музей-қўриқхонасининг филиали мақомида ташкил этилди.

Композитор Мутал Бурҳонов умрининг сўнгги даврларида, 1997-2002 йилларда ўзи туғилиб ўсган шаҳардаги ушбу уйда яшади.

2 (1).JPG

Муассаса очилишига бағишланган маросимда маҳаллий давлат ҳокимияти мутасаддилари, маданият ва санъат намояндалари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Ўзбек композиторлик мактаби асосчилари қаторидан муносиб ўрин олган, биринчи ўзбек хор жўрлиги асарлари муаллифи Мутал Бурҳонов ижодий фаолияти давомида турли жанрларда юқори бадиий асарлар яратди. Унинг ижодига мансуб “Мангу хотира” марсияси, “Навоий қасидаси”, “Севги номи ила”, “Шоир орзуси”, “Шундай қилиб сен кулмадинг” романлари, “Она ер”, “Зар иплар”, “Баҳор” қўшиқлари, “Мафтунингман”, “Ибн Сино”, “Орол балиқчилари”, “Сурайё”, “Истиқбол йўли” каби бадиий фильмларга ёзган мусиқалари миллий санъатимиз хазинаси дурдоналаридандир.

Шу ўринда ижодкорнинг “Алишер Навоий” операси, Абдураҳмон Жомий шеърига басталаган “ Ширу шакар” қўшиғи, Файзулла Хўжаев, Абдулла Қодирий, Абдурауф Фитрат ҳамда ўз акаси, амакилари хотирасига бағишлаб яратилган “Абадий хотира” марсиясини алоҳида қайд этиш жоиз.

– Мутал Бурҳонов уй-музейи ташкил этилиши кенг жамоатчиликни мамнун қилди, – дейди Бухоро давлат бадиий меъморчилик музей-қўриқхонаси директори Абдурашид Зикриллаев. – Бу ерда бастакор ҳаёти ва ижоди билан боғлиқ 2 мингдан ортиқ фото суратлар, турли ҳужжатлар, мусиқа асбоблари, кийим-кечак ва уй-рўзғор буюмлари ҳисобга олинган. Унинг ижодхонасидаги иш қуроллари ва бошқа шахсий буюмлар томошабин эътиборини тортиши, шубҳасиз. Бу экспонатлар ёш авлодни миллий ва умуминсоний қадриятлар, тарихий ва маданий меросга ҳурмат руҳида тарбиялашда муҳим аҳамиятга эга.

4 (3).JPG

Музей “Мутал Бурҳонов умр йўли”, “Бастакор ижод хонаси”, “Эътироф, эҳтиром”, “Мусиқа тарихи” каби бўлимлардан иборат. Уй-музейида Марказий Осиёда мусиқа санъати ривожланишига оид ҳужжатлар, XVIII асрда Бухорода шаклланган “Шашмақом”нинг дастлабки нотага солиниши, у билан боғлиқ илк тадқиқотлар, Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси мусиқасининг яратилиш жараёни акс этган лавҳалар кўпчиликни қизиқтириши шубҳасиз.

Уй-музейининг дастлабки меҳмонлари болалар мусиқа ва санъат мактабларининг тарбияланувчилари, ёш санъаткорлар бўлди.

Эркин Ёдгоров, Тоҳир Истатов (сурат) ЎзА
6 854