Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

12.10.2017 18:31 Чоп этиш версияси

Мутахассислар ўзаро тажриба алмашди

Ўзбекистон Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги делегациясининг Россия Федерацияси Татаристон Республикасига ташрифи доирасида Ахборот технологияларини ишлаб чиқиш ва жорий қилишни қўллаб-қувватлаш бўйича «Mirzo Ulugbek Innovation Center» инновация маркази ҳамда ахборот технологиялари соҳаси мутахассислари, ахборот технологиялари ва робот техникаси соҳасидаги тадқиқотларга ихтисослаштирилган Россиянинг Иннополис университети ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 30 июндаги "Республикада ахборот технологиялари соҳасини ривожлантириш учун шарт-шароитларни тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони маҳаллий дастурий таъминот саноатини ривожлантириш, дастурчилар учун қўшимча имтиёз ва имкониятлар тақдим этишда янги босқични бошлаб берди. Ахборот технологияларини ишлаб чиқиш ва жорий қилишни қўллаб-қувватлаш бўйича «Mirzo Ulugbek Innovation Center» инновация маркази директори Хуршид Султоновнинг айтишича, Ўзбекистонда ахборот технологиялари бизнесини ривожлантиришни рағбатлантириш, юқори технологияли маҳсулот ва товарлар ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи янги қувватлар ташкил қилиш учун шароитлар яратиш бўйича кенг кўламли комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Бу йўналишдаги ишларни амалга оширишда юқори технологиялар соҳасида илғор тадқиқотлар олиб бораётган халқаро ахборот технологиялари компаниялари ва корхоналари, илмий ва таълим муассасалари билан ғоя алмашиш алоҳида аҳамият касб этади.

Имзоланган меморандум доирасида томонлар инновацион лойиҳалар, илмий ишланмалар, технопаркларни бошқариш, юқори технологияли марказлар, бизнес-инкубаторлар, акселератор ва коворкинглар барпо этиш ва ривожлантириш бўйича тажриба алмашишга келишиб олди. Ҳужжат маҳсулот ва ишланмаларни ҳамкорликда ички ва ташқи бозорга чиқариш, инновацион фаолиятни рағбатлантириш учун қулай муҳит яратиш механизми борасида тажриба алмашишни кўзда тутади. Томонлар венчур жамғармалар, грантлар ва бизнес-манбаларни жалб этиш асносида Иннополис университети талабалари ва марказ резидентларини қўллаб-қувватлаш учун молиявий воситаларни ҳамкорликда ривожлантиришни режалаштирмоқда.

Роман Бондарчук, ЎзА
3 265






Все о погоде - Pogoda.uz