ЎзА Ўзбек

30.07.2018 20:03 Чоп этиш версияси

Мутахассислар учун меҳнат ярмаркаси

Мутахассислар учун меҳнат ярмаркаси “Ўзбекэнерго” акциядорлик жамияти томонидан ташкил этилаётган меҳнат ярмаркасининг Наманган вилоятида бўлиб ўтган танловида 268 нафар киши бўш иш ўринларига даъвогар сифатида рўйхатга олинди.

“Наманган ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамиятида ташкил этилган тадбирда “Тўрақўрғон ИЭС қурилиши дирекцияси”, “Наманган ҳудудий электр тармоқлари” корхонаси, “11-механизациялашган жамланма”, “Шарқий МЭТ”, “Наманган электр қурилмалар кичик корхонаси” каби ўнлаб энергетика тизими субъектлари 100 га яқин бўш иш ўрни билан иштирок этди.

7 (1).jpg

– Ушбу тадбир анъанавий меҳнат ярмаркаларидан фарқли равишда олий ва ўрта махсус маълумотли мутахассис-энергетиклар учун ташкил қилинди, – дейди “Наманган ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамиятининг умумий масалалар бўйича директори С.Ҳусаинов. – Бугун ярмаркага келган мутахассисларнинг барчаси корхоналардаги бўш иш ўринларига даъвогар сифатида рўйхатга олинди. Энди улар корхоналарнинг ўзида тузилган махсус комиссия суҳбатидан ўтади. Масалан, бир ўринга беш киши даъвогар бўлса, суҳбат воситасида уларнинг энг муносиби танлаб олинади.

– Биз ярмаркада иссиқлик энергетикаси, электр энергетикаси, автоматик бошқарув тизими, кимё технологияси, гидротехник, дастурловчи каби мутахассисликлар бўйича 62 бўш иш ўрни билан қатнашдик, – дейди “Тўрақўрғон ИЭС қурилиши дирекцияси” давлат унитар корхонаси раҳбари Н.Насибалиев. – Ушбу ярмаркада мазкур йўналишларда 140 киши рўйхатга олинди. Улар орасидан 62 киши суҳбат асосида ишга қабул қилинади.

Акромжон Сатторов, Ҳотам Мамадалиев (сурат) ЎзА
3 932