Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги

05.09.2018 19:05 Чоп этиш версияси

Мутахассислар малака оширмоқда

Мутахассислар малака оширмоқда Андижон давлат университетида “Оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш” мавзусидаги малака ошириш дастури доирасида ўқув машғулотлар олдидан семинар бўлиб ўтди.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази Андижон вилояти бошқармаси томонидан ташкил этилган семинарда туман ва шаҳар ҳокимларининг ўринбосарлари, хотин-қизлар қўмиталари раислари, маҳалла фуқаролар йиғинларининг хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассислари иштирок этди.

– Оила институтини мустаҳкамлаш, оилалар билан бевосита иш олиб борувчи мутахассисларни қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш мақсадида ташкил этилган ўқув курслари 12 кун давом этади, – дейди Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази вилоят бошқармаси раҳбари Лазокат Жалолова. – Олий ўқув юртларининг малакали профессор-ўқитувчилари ўтказадиган машғулотларда мутахассисларнинг оилалар билан ишлаш борасидаги ишларни самарали ва тизимли ташкил этиш, билим, тажриба ва малакасини оширишга алоҳида эътибор қаратилади.

Дастур доирасидаги ўқув машғулотларида ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, оиладаги муаммоларни бартараф этиш, маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш, репродуктив саломатликни таъминлаш, соғлом турмуш тарзини шакллантириш, эр-хотин, ота-она ва фарзандлар, қайнона-келин ўртасидаги муносабатларни яхшилаш, намунали оила барпо этиш, низоли ҳолатларни бартараф қилишнинг ҳуқуқий ва психологик асосларини ўрганиш, ажримларнинг олдини олиш, оила-никоҳ муносабатлари соҳасида амалдаги қонунчилик ва халқаро тажрибани ўрганиш кўзда тутилган.

Ўқув курсининг дастлабки кунида “Оиладаги низолар: омил, сабаб, ифодаланиш формалари, турлари, асоратлари ва олдини олиш йўллари”, “Ўсмирлик даврида психологик ва ижтимоий ўзгаришлар. Ўсмирларнинг репродуктив саломатлиги” каби қатор мавзуларда маърузалар тингланди.

Иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан батафсил жавоб олди.

Фахриддин Убайдуллаев, ЎзА