ЎзА Ўзбек

27.04.2020 Чоп этиш версияси

Мутахассис тавсияси: Ғўза қатор ораларига ўз вақтида ишлов беришни унутманг

Мутахассис тавсияси: Ғўза қатор ораларига ўз вақтида ишлов беришни унутманг

Жорий йилги баҳор деҳқонларимизни яна бир синовдан ўтказаяпти. Лекин, об-ҳаво инжиқликларига қарамасдан, пахтакорларимиз тупроқ етилган ерларга пешма-пеш чигит экмоқда.

Олдин экилган майдонларда ғўза ниҳоллари бир текис униб чиқиб, дуркун ривожланмоқда. Эндиги вазифа ғўза қатор ораларига ишлов беришни ўз вақтида ва сифатли ўтказишдир.

Ғўза парваришида қуйидаги тавсияларга амал қилиш мақсадга мувофиқдир. Ниҳол ундириб олинган майдонларда ёғингарчилик натижасида қатқалоқ ҳосил бўлганда, тупроқнинг устки қатлами қуримасдан культиватор ёрдамида ёки қўл кучи билан қисқа муддат ичида юмшатиш зарур. Акс ҳолда қалин (25 мм.гача) қатқалоқ ҳосил бўлиб, ниҳолни ривожлантирмай қўяди, кўчатлар сийрак бўлиб қолади. Айрим ҳудудларда шу каби салбий ҳолатлар туфайли чигит қайта эқилди.

Ниҳоллар 65-70 фоиз униб чиққан майдонларда, яъни ғўза қатори кўринишидан бошлаб зудлик билан ишлов бериш керак. Бунда культиватор ишчи органлари сони тўлиқ ўрнатилишга эътибор бериш лозим.

Намгарчиликнинг кўп бўлаётганлиги бегона ўтларнинг тез ўсиб ривожланиши учун ҳам қулай шарт-шароит яратади. Шу боис бегона ўтларни қисқа муддатда йўқотиш чорасини кўриш талаб этилади. Ўт босган майдонларга ишлов беришда, культиваторга албатта пичоқ ўрнатиш керак. Культивацияни шундай ўтказиш керак-ки, культиватор бегона ўтларни томиридан кесиб устига тупроқ ёпиб кетсин.

Пахтазорларда ўргимчаккана тарқалишининг олдини олиш мақсадида дала четлари, уватлар, симёғочлар атрофларига олтингугурт препарати ёки шу каби махсус дори билан профилактик ишлов бериш лозим.

Яганани ўтказишда асосан уч омил – навнинг биологик хусусияти, тупроқ унумдорлиги ва иқлим шароитини инобатга олиш зарур. Агар яганалаш ўз вақтида ўтказилмаса ҳосилдорлик 2-3 центнерга камаяди. Агар ҳар мавсумда агротехник тадбирлар агрономлар билан маслаҳат қилиб амалга оширилса ҳосил яхши бўлади.


Ренат Назаров,

Ўзбекистон Республикасида

хизмат кўрсатган қишлоқ хўжалик ходими