МУТАХАССИС ТАВСИЯСИ: аҳоли эҳтимоли бор йўқотишлардан қандай талафотсиз чиқиши мумкин?
Тошкент молия институти ўқитувчиси, иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) Мақсуд Рустамов пандемия даврида юзага келиши мумкин бўлган иқтисодий тангликдан чиқиш бўйича ўз тавсияларини айтди.
Тошкент молия институти ўқитувчиси, иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) Мақсуд Рустамов пандемия даврида юзага келиши мумкин бўлган иқтисодий тангликдан чиқиш бўйича ўз тавсияларини айтди.
– Ҳозирги кунда бутун дунёда коронавирус пандемиясига қарши курашиш жараёнида айрим корхона ва ташкилотлар фаолиятини вақтинча тўхтатгани сабабли иқтисодиётда пасайиш кузатилмоқда, – дейди М.Рустамов. – Ўз-ўзидан маълумки, бундай жараёнлар Ўзбекистон иқтисодиётига ҳам ўз таъсирини ўтказмай қолмайди. Бунда иқтисодиётнинг аксарият соҳа ва тармоқлари зарар кўрмоқда. Хўш, ушбу ҳолатлардан қандай чиқишимиз мумкин? Бунинг имкони борми?
Президентимиз Шавкат Мирзиёев 19 мартда қабул қилган “Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармон бу борада кечиктириб бўлмайдиган тадбирларни амалга ошириш учун энг асосий туртки бўлди, десак муболаға бўлмайди.
Қабул қилинган фармон ва қарорларнинг ўз вақтида тўлиқ ижро этилиши самара бермоқда. Шунингдек, ҳали пандемияни тўлиқ бартараф этмадик ва юзага келадиган инқироздан ҳам чиқиб олишимиз керак.
Биринчидан, пандемия даврида ва ундан сўнг иқтисодиётимиз тўлиқ изга тушиб кетгунга қадар (бу 2020 йил 1 октябргача давом этади, деган тахминлар айтилмоқда) аҳоли иккиламчи эҳтиёжларини (масалан, янги русумдаги телефон, телевизор, автомобиль ва бошқалар) имкони борича қисқартириши керак.
Иккинчидан, пандемия ва ундан кейинги шароитда ҳам коммунал хизмат кўрсатиш воситаларидан оқилона фойдаланиш, яъни мавжуд пул маблағни имкон қадар узоқроқ вақтга етказиш учун сарф-харажатни камайтириш лозим. Электр энергияси, сув ва газдан тежалган маблағларни бирламчи эҳтиёжларимизга йўналтиришни ўйлашимиз зарур.
Учинчидан, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати Кенгашларининг қўшма қарори билан тасдиқланган “Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги низом талабларига тўлиқ амал қилиш мқасадга мувофиқ. Бундан ташқари Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг тавсиялари асосида муборак Рамазон ойидаги ифторликларга режалаштирилган маблағларни муҳтожларга кўмакка йўналтириш айни муддаодир. Мазкур тавсияларга амал қилиш ва уни ҳаётимизга жорий этиш орқали ортиқча сарф-харажатлардан қутиламиз. Ушбу тежалган маблағларни келгусида “Ўзбекистон меҳр-шафқат ва саломатлик” жамоат фонди ёки “Саховат ва кўмак” жамғармасига ўтказиш орқали етимлар, кам таъминланган оилаларга ёки қийналган қўни-қўшниларга ёрдам кўрсатган бўлар эдик. Бундай хайрли ишларнинг савоби катта бўлади, деб ёзилган ҳадиси шарифларда.
Тўртинчидан, аҳолининг иккиламчи товарларга бўлган эҳтиёжини таъминлаш ва ушбу товарларни ишлаб чиқарувчилар фаолиятини давом эттириши учун мазкур товарларга кетадиган хомашё материалларини маҳаллийлаштириш ва бунинг натижасида товарнинг таннархини пасайтиришга эришиш орқали аҳолининг харид қобилиятини кенгайтириш ва рағбатлантириш.
Бешинчидан, коммунал хизмат кўрсатиш корхоналари (электр, газ, сув таъминоти) ишлатилмаган хизматлар учун олдиндан тўловларни камида 6 ойлик муддатни амалга оширган, интизомли фойдаланувчиларга имтиёзлар механизмини амалиётга киритиш керак. Бунда олдиндан олинган маблағларни банк муассасаларига муддатли депозитларга жойлаштириш орқали берилган имтиёзларнинг ўрнини тўлдириш имконияти туғилади.
Олтинчидан, чекка ҳудудларда истиқомат қилувчи аҳоли томорқасига ўзининг бирламчи эҳтиёжи учун керакли озиқ-овқат махсулотларини экиш. Бу орқали бирламчи маҳсулотга кетадиган харажатларни тежаш, эҳтиёжидан ортаганини бозорда сотиш орқали даромадини кенгайтириш ёки ҳосил яхши бўлса экспорт қилиш. Бу меҳнаткаш халқимизга жуда катта имконият беради.
Еттинчидан, масофадан пул топишга ихтисослашган платформаларда ишлаш кўникмасини шакллантириш (масалан, upwork, индиегого, кикстартерда ёки интеллектуал мулк ишланмаларини сотиш).
Умуман олганда, пандемия ва инқироз шароитидан қандай қилиб омонликда чиқиб олиш ҳар бир шахснинг ўзига боғлиқ. Олинган даромадлар асосида харажатларни тежаб ишлатиш орқали буни енгиб ўтишимиз мумкин.