ЎзА Ўзбек

22.09.2020 Чоп этиш версияси

Мутахассис: "Гриппга қарши вакцина билан махсус марказлардагина эмланиш керак"

Мутахассис: "Гриппга қарши вакцина билан махсус марказлардагина эмланиш керак"

Гриппга қарши сифатли вакцинани қаердан олиш мумкин? Қанчадан кейин организмда гриппга қарши иммунитет пайдо бўлади?

Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Барно Абдусаматованинг сўзларига кўра, гриппга қарши вакцина билан махсус ташкил қилинган эмлаш марказларига борган ҳолда эмланиш мумкин. Аҳолимиз юртимиздаги мавжуд вакциналарнинг сифатига шубҳа қилмаса ҳам бўлади. Четдан олиб кирилаётган ҳар бир вакцина сифати ва самарадорлиги Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тегишли муассасаси томонидан текширилиб, қўллашга рухсат берилади.

Мамлакатимизга турли давлатлардан самарадорлиги энг юқори бўлган вакциналар олиб келинади. Вакцина қабул қилаётганда ҳар бир фуқаро ўз хоҳишига кўра турли давлатда ишлаб чиқилган вакцинадан бирини танлайди. Мавсумий гриппга қарши вакцина организмда 15 кун ичида микробларга қарши иммунитет ишлаб чиқади. Таъсир кучи 1 йилга етади.

Эмлашдан олдин шифокор томонидан эмланувчи шахснинг умумий саломатлиги, албатта, текширилиб, шунга кўра вакцинация қилиш-қилмаслик белгиланади. Яъни, эмланадиган киши шамоллаш, нафас олиш йўллари яллиғланиши каби касалликлардан тамоман соғлом бўлиши керак. Шунингдек, вакцина таркибидаги компонентларга нисбатан аллергик таъсирчанлик даражаси ҳам текширилади. Шунинг учун вакцинациядан олдин шифокор кўригидан ўтиш тавсия этилади.

2 402
Моҳигул Қосимова, ЎзА