ЎзА Ўзбек

14.01.2019 12:02:26 Чоп этиш версияси

Мустақиллик ва эзгулик монументига гулчамбарлар қўйилди


14 январь – Ватан ҳимоячилари куни

Мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 27 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни катта кўтаринкилик билан байрам қилинмоқда.

Халқимиз учун қадрли ва улуғ байрамларда Мустақиллик ва эзгулик монументига тантанали гул қўйиш маросими яхши анъанага айланган. Байрам муносабати билан 14 январь куни тинчлигимиз, ҳурриятимиз, порлоқ истиқболимиз ва эзгу мақсадларимиз рамзи бўлган Мустақиллик ва эзгулик монументи пойига тантанали гул қўйиш маросими бўлиб ўтди.

photo_2019-01-14_11-08-05.jpg

Мудофаа, Ички ишлар, Фавқулодда вазиятлар вазирликлари, Давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардия, Давлат божхона қўмитаси раҳбарияти вакилларидан бир гуруҳи ҳарбий оркестр садолари оcтида Мустақиллик ва эзгулик монументига гулчамбарлар қўйдилар.

Шундан сўнг давлатимиз мадҳияси янгради. Фахрий қоровул взводи монумент ёнидан тантанали марш садолари остида ўтди. 

photo_2019-01-14_11-09-05.jpg

Шунингдек, Мудофаа вазирлиги масъул офицерлари ҳамда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вакиллари ҳарбий оркестр садолари остида Ватанга қасамёд мажмуаси пойига гулчамбарлар қўйиб, она Ватан ҳимоячиси рамзига ҳурмат-эҳтиром кўрсатди.

Мамлакатимизда Қуролли Кучларимизнинг жанговар салоҳиятини юксалтириш, унинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, замонавий қурол-яроғ ва аслаҳалар билан таъминлаш, ҳарбий хизматчиларнинг жисмоний, маънавий-интеллектуал тайёргарлигини ошириш, ижтимоий ҳимоясини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

photo_2019-01-14_11-08-15.jpg

Давлатимизнинг ҳарбий-сиёсий масалалар бўйича қатъий позициясини ифода этадиган янги Мудофаа доктринаси ишлаб чиқилди. Амалга оширилаётган туб ислоҳотлар натижасида миллий армиямиз тезкор ва ихчам, ҳар қандай таҳдидларга муносиб зарба беришга қодир бўлган жанговар кучга айланиб бормоқда.