ЎзА Ўзбек

07.12.2018 Чоп этиш версияси

Мустақиллик ва эзгулик монументи пойига гулчамбарлар қўйилди

Мустақиллик ва эзгулик монументи пойига гулчамбарлар қўйилди

Мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг йигирма олти йиллиги катта кўтаринкилик билан байрам қилинмоқда.

Байрам муносабати билан 7 декабрь куни ҳурриятимиз, порлоқ истиқболимиз ва эзгу мақсадларимиз рамзи бўлган Мустақиллик ва эзгулик монументи пойига тантанали гул қўйиш маросими бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан ҳарбий оркестр садолари остида Мустақиллик ва эзгулик монументи пойига гулчамбарлар қўйилди.

Халқимиз учун қадрли ва улуғ байрамларда Мустақиллик ва эзгулик монументи пойига тантанали гул қўйиш маросими яхши анъанага айланган. Зеро, Мустақиллик майдони халқимиз озодлигининг, аждодларимиз асрлар давомида орзиқиб кутган ва муттасил интилиб яшаган, бугунги авлодларга насиб этган энг улуғ, энг азиз неъмат бўлмиш истиқлолимизнинг муқаддас рамзидир. Шу боис, бу муаззам майдон мажмуаси бизни доимо юксак марралар сари чорлаб туради.

Бундан йигирма олти йил муқаддам умумхалқ муҳокамасидан кейин ҳар томонлама ва чуқур ўйланган, демократик йўл билан қабул қилинган Конституциямиз янги жамиятнинг ҳуқуқий кафолатларини шакллантирди ва мустаҳкамлади. Мустақил тараққиёт йилларида эришилган барча ютуқларимиз, халқимиз турмуши фаровонлиги йўлида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар туб замирида Бош қомусимиз тамойиллари мужассамдир.

Мустақиллигимизнинг мустаҳкам ҳуқуқий асоси – Конституциямиз, мамлакатимиздаги тинчлик ва барқарор тараққиёт муҳити, ҳамжиҳатлигимиз қут-баракаси. Бу улуғ тушунча ва қадриятлар ҳамиша эгизак. Мамлакатимизда халқимизнинг ҳаётдан рози бўлиб яшаши йўлида кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилаётган шу кунларда бу жиҳатлар янада сайқал топмоқда.

Асосий қонунимиз халқимиз сиёсий-ҳуқуқий тафаккурининг юксак намунасидир. У ҳеч кимга қарам бўлмасдан, эркин ва озод, тинч ва осойишта, фаровон яшашимизнинг қонуний кафолати бўлиб келмоқда.

photo5210838423441615488.jpg

photo5210838423441615489.jpg

photo5210838423441615490.jpg

photo5210838423441615491.jpg

photo5210838423441615492.jpg

photo5210838423441615493.jpg

photo5210838423441615494.jpg

6 294
Нурилло Насриев, Темур Мамадаминов (сурат), ЎзА​​