Бугун «Муборак газни қайта ишлаш заводида пропан-бутан аралашмасини олиш қурилмасининг технологик тармоқларини модернизация қилиш ва янги тармоғини қуриш» инвестиция лойиҳаларини ишга тушириш маросими бўлиб ўтди.
Бугун «Муборак газни қайта ишлаш заводида пропан-бутан аралашмасини олиш қурилмасининг технологик тармоқларини модернизация қилиш ва янги тармоғини қуриш» инвестиция лойиҳаларини ишга тушириш маросими бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазири Алишер Султонов, Қашқадарё вилояти ҳокими Зоир Мирзаев, «Ўзбекнефтгаз» акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев ва бошқалар Ўзбекистон иқтисодиётида муҳим ўринга эга нефть-газ тармоғига қаратилаётган эътибор туфайли бугун тизим фаолиятини замон талаби даражасида ташкил этишда бир қатор инвестиция лойиҳалари амал оширилаётганини таъкидлади.
Бунда давлатимиз раҳбарининг жорий йил 9 январдаги «2020-2022 йилларда Ўзбекистон Республикаси Инвестиция дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори бу борадаги ишларни кенг кўламда амал оширишда муҳим босқични бошлаб берди.
Мазкур лойиҳанинг умумий қиймати 75 миллион долларни ташкил этади. Лойиҳадан кўзланган мақсад аҳоли эҳтиёжини қондириш ва иқтисодиёт тармоқларини таъминлаш учун йилига қўшимча 62 минг тонна суюлтирилган газ ва 22,5 минг тонна газ конденсати ишлаб чиқариш қувватлари барпо этилади. Ўз навбатида, заводдаги модернизация ишлари туфайли яна 100 та янги иш ўрни яратилади.
– Нефть-газ соҳасини ривожлантиришга давлатимиз, муҳтарам Президентимиз катта эътибор қаратмоқда, – деди «Ўзбекнефтгвз» АЖ бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев. – Албатта, бу эса биз учун катта масъулият юклайди. Айниқса, бугун Муборак газни қайта ишлаш заводида амалга оширилган модернизация ишларининг якунланиши ислоҳотлар ижроси дейиш мумкин. Яна шуни алоҳида таъкидлаш мумкинки, бугунги мураккаб пандемия ҳолати бизни мустақил ишлашга ўргатди. Жараёнда ўтказилган онлайн мулоқотларда россиялик ва украиналик мутахассисларнинг тавсиялар ҳам амалий кўмак берди. Модернизация ишларида маҳаллий мутахассислар меҳнати беқиёсдир.
Завод фаолиятига эътибор қаратадиган бўлсак, у 1971 йилда ишга туширилган. Бу ерда бир неча бор модернизация ишлари бажарилган. Мавжуд ускуналар янгиланиб, янги қувватлар фойдаланишга топширилган. Завод табиий газни олтингугуртли бирикмадан тозалаш ва қуритиш, техник олтингугурт, барқарор газ конденсати ҳамда суюлтирилган газ ишлаб чиқаради.
– Заводимизнинг йиллик қуввати 29,5 миллиард куб метр табиий газни тозалайди ва қайта ишлайди, – деди Муборак газни қайта ишлаш заводи ишчи Баҳодир Қурбонназаров. – Қувонарлиси, заводимиз табиий газни қайта ишлаш ҳажми бўйича Ўрта Осиёда иккинчи ўринни эгаллайди. Уч минг нафардан ортиқ жамоаси учун бу ерда барча зарур шароитлар яратилган. 2012-2013 йилларда фойдаланишга топширилган пропан-бутан ажратиб олиш қурилмасининг 1-2-3 тармоғида амалга оширилган модернизация ишлари сабаб заводимиз имконияти янада кенгайиб, халқимиз ҳаёти ва юртимиз иқтисодиётига муносиб ҳисса қўшишга хизмат қилади.
Тадбир якунида иштирокчилари заводдаги модернизация қилинган ускуналар фаолияти билан танишди.
Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА, ЎзА