ЎзА Ўзбек

19.06.2018 14:10 Чоп этиш версияси

Мустақиллик декларацияси – истиқлолимиз асоси

Мустақиллик декларацияси – истиқлолимиз асоси
Ўзбекистон халқининг истиқлолга бўлган интилиши, орзу-умидлари рўёби ифода этилган Мустақиллик декларацияси Ўзбекистон Олий Кенгаши томонидан 1990 йил 20 июнда эълон қилинган.

Ўзбекистоннинг сиёсий, иқтисодий-ижтимоий салоҳияти жадал ўсиб, жаҳонда муносиб ўрин эгаллашида, халқаро муносабатларда катта нуфузга эга бўлишида мустақиллик арафасидаги оғир ва машаққатли синовлар, курашлар, тараққиёт сари интилишларнинг аҳамияти беқиёс эканини халқимиз, халқаро ҳамжамият яхши билади.

Мустақиллик декларациясида ўзбек халқининг бир неча минг йиллар давомида қўлга киритган давлат қурилиши ва маданий тараққиёт борасидаги бой тарихий тажрибаси, анъаналари эътиборга олинган.

Ўзбек халқининг давлат қурилишидаги тарихий тажрибаси ва асрлар мобайнида шаклланган бой анъаналари, ҳар бир миллатнинг ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқини таъминлашдек олий мақсадларни ифода этган, халқаро ҳуқуқ қоидаларига, умумбашарий қадриятлар ва демократик принципларга асосланган мазкур ҳуқуқий ҳужжатнинг қабул қилиниши билан Ўзбекистоннинг иқтисодий ва сиёсий ҳаётига доир масалалар мустақил тарзда ҳал қилина борди.

Шу маънода, Мустақиллик декларацияси ўзбек халқининг бир неча асрлик орзу-армонларини ифода этиб, миллий мустақиллик ғоясини янада мустаҳкамлади, халқимизнинг истиқлол сари интилишида ўзига хос куч-қудрат манбаи бўлди. 

Бу ҳужжат мамлакатда мустақиллик учун ҳаракатнинг турли исёнлар, урушлар ва қон тўкишлар билан эмас, балки қонун устуворлиги ва юксак тамаддун тамойилларига амал қилган ҳолда кечишини таъминлаб берди. Ўз навбатида, Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамияти билан муносабатлари ривожланишида муҳим роль ўйнади.

Шу ўринда, Ўзбекистоннинг мустақилликка эришиш тарихига бир назар ташласак. Мустақиллик декларацияси асосида Ўзбекистоннинг янги Конституциясини яратиш таклифи илгари сурилди. Шу мақсадда, Конституция комиссиясини тузиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Биринчи Президентимиз Ислом Каримов раислигида давлат арбоблари, депутатлар, мутахассисларни ўзида жамлаган Конституциявий комиссия тузилди. 

Мустақиллик декларацияси тамойиллари асосида Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикасининг Давлат мустақиллиги асослари тўғрисида”ги қонуни, Бош қомусимиз қабул қилинди.

Бугун Мустақиллик декларациясида назарда тутилган ва мустаҳкамланган тамойиллар амалга изчил татбиқ этилаётгани туфайли мамлакатимизда ижтимоий йўналтирилган, бозор иқтисодиётига эга бўлган ҳуқуқий демократик давлат ва кучли фуқаролик жамияти барпо этилмоқда. Давлатимиз халқ фаровонлигини, унинг ҳаёт сифатини ва даражасини муттасил ошириб бориш, жаҳонда муносиб ўрин эгаллаш йўлида оламшумул ютуқларга эришмоқда.

Акмал Раҳмонов,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси
Мудофаа ва хавфсизлик масалалари
қўмитаси раиси ўринбосари.

ЎзА
12 951