ЎзА Ўзбек

08.08.2018 18:59 Чоп этиш версияси

Мустақиллик... ҳар тонг қарши олинади

Мустақиллик... ҳар тонг қарши олинади Пойтахтимизнинг сўлим гўшаларидан бири бўлган Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги Тошкент марказий эко боғида Ўзбекистон халқ ёзувчиси Тоҳир Малик адабиётга қизиқувчи, фаол ёшлар билан ижодий учрашув ўтказди.

Маданият вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ҳамкорлигидаги ўтказилган “Китобга муҳаббат” номли ижодий учрашувда адиб адабиёт, унинг инсон руҳиятига таъсири, санъат турлари билан ўзаро боғлиқлиги борасидаги фикрлари билан ўртоқлашди.

– Оддий бир ғўла агар устаси қўлига тушса, гўзал бир санъат асарига айланади. Иккинчи бир дурадгор эса ундан болта сопидан бошқа нарса ясай олмайди, у ҳам керакли нарса, албатта. Адабиёт ва санъат ҳам худди шундай нарса. Адабиёт чамани, санъат гулшани кенг ва унда ҳар хил гуллар билан бирга чирмовуқлар, тиканаклар ҳам бор. Ҳамма таъбига қараб танлайверади, албатта.

2.JPG

Шунингдек, ёзувчи яқинлашиб келаётган мустақиллик байрами, унинг ҳаётимиздаги ўрни борасида ҳам тўхталиб ўтди.

– Бугун кўпгина ёшларимиз мустақилликнинг асл мазмунини ҳис этишмайди. Мустақиллик бу бир кун ўйнаб, хурсанд бўлиб ўтказадиган кун эмас. Бу кунлар бизни жиндай ортга назар солишга ундаши ва ўтмишда қолган азобли кунларни эслатиши керак. Шунда биз, бу куннинг қадрига етамиз. Ҳозир – дастурхон тўкин. Лекин аҳолиси бир қултум сувга, бир тишлам нонга зор бўлган мамлакатлар озмунчами?! Ҳар бир нарсанинг шукронасини айтиш шарт. Мустақиллик осмондан тушгани йўқ. Бунинг тўловини аждодларимиз қони билан тўлаганини қандай унутиб бўлади. Тарихни қўятуринг ҳали. Эркинлик, истиқлол деб фидо бўлганлар ҳаққи-ҳурмати бу кунни ҳар биримиз қалбимизда уни ҳар тонг қарши олиб яшамоғимиз даркор. Шунда Ватан нима, ватанпарвар қандай бўлади буни ҳис қилишни ўрганамиз. Айни кунларда ҳам бизнинг ҳаётимиздек тинч, осудаликни орзу қилиб юрган қанча мамлакатлар ва миллионлаб одамлар бор. Сиз, ёшлар ана шуларни билишингиз ва тенгдошларингизга тушунтиришингиз лозим.

Учрашувда ёшларнинг адабиётнинг энг сара, дурдона асарларини ўқиш, улардаги муаллифнинг сўзга бўлган нуктадонлигини ҳис этиш учун нималарга эътибор қаратиш керак каби саволларига адиб томонидан батафсил жавоб берилди.

Инобат Аҳатова, Темур Мамадаминов (сурат) ЎзА
9 032