Мустақиллигимиз меъмори
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида 4 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов хотирасига бағишланган маросим бўлди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида 4 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов хотирасига бағишланган маросим бўлди.Президентимиз портрети пойига Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари, Вазирлар Маҳкамаси ходимлари, вазирлик ва идоралар жамоалари, мамлакатимизда фаолият юритаётган дипломатик корпус раҳбарлари, кенг жамоатчилик вакиллари юксак ҳурмат бажо келтириб, гуллар қўйди.
– Ўзбекистон халқига чуқур ҳамдардлик билдирамиз, – деди Хитой Халқ Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Сунь Лицзе. – Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов мустақилликка эришиш, давлатни ҳар томонлама ривожлантириш, шунингдек, мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга улкан ҳисса қўшди. Ислом Каримов бошлаган буюк ишлар давом этишига, Ўзбекистон янада равнақ топишига ишонамиз. Ислом Каримовнинг Ўзбекистон – Хитой муносабатларини изчил ривожлантириш йўлидаги ишлари ва амалга оширган ислоҳотларини давом эттириб, ўзаро ҳамкорлигимизни янада мустаҳкамлайверамиз.
– Ислом Каримовнинг вафоти нафақат Ўзбекистон халқи, балки бошқа мамлакатлар, хусусан, Россия учун ҳам оғир йўқотиш бўлди, – деди Россия Федерациясининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Владимир Тюрденев. – Ислом Каримов Россия билан Ўзбекистон ўртасидаги иттифоқчилик муносабатлари ва стратегик ҳамкорликнинг ривожланиши ҳамда мустаҳкамланишига катта ҳисса қўшди. Ўзбекистон босиб ўтган тараққиёт йўли Ислом Каримов номи билан боғлиқ экани барчамизга аён. Унинг хотираси Ўзбекистон халқи юрагида умрбод муҳрланиб қолади. Ўзбекистон халқи Ислом Каримов танлаган йўлдан оғишмай олға боришига ишонамиз. Унинг оила аъзоларига, Ўзбекистон халқига чуқур ҳамдардлик билдирамиз.
– Барчамиз қаттиқ қайғудамиз, – деди Америка Қўшма Штатларининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Памела Спратлен. – Ислом Каримов оиласига ва Ўзбекистон халқига чуқур ҳамдардлик билдирамиз. АҚШ Ўзбекистоннинг узоқ муддатли ҳамкоридир. Ўзаро алоқаларни давом эттириш тарафдоримиз. Халқингизга сиҳат-саломатлик, фаровонлик ва барқарорлик тилаймиз.
– Шанхай ҳамкорлик ташкилоти номидан бутун Ўзбекистон халқига чуқур ҳамдардлик билдираман, – деди Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Минтақавий аксилтеррор тузилмаси Ижроия қўмитаси директори Евгений Сисоев. – Ислом Каримовни юксак ҳурмат қилар эдик. Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти ШҲТнинг ташкил этилиши, фаолияти кўлами кенгайишига ҳар доим алоҳида эътибор қаратар эди. Ислом Каримовнинг бевосита ташаббуси билан Тошкент шаҳрида ташкил этилган ШҲТнинг Минтақавий аксилтеррор тузилмаси Ижроия қўмитаси 13 йилдан буён муваффақиятли фаолият олиб бормоқда. Ўзбекистон халқи, улкан йўқотишдан чекаётган қайғунгизга шерикмиз.
Нигоҳларида қатъият, ишонч ва меҳр балқиб турган Ислом Каримовнинг суратига қараб, шу заминда яшаётган ҳар бир инсон буюк Президентимиз амалга оширган эзгу ишлар – халқимиз учун дунёда ҳеч кимдан кам бўлмаган шароитлар яратилгани, қудратли давлатчилигимиз барпо этилгани, давлатимиз жаҳон ҳамжамиятида ўзининг муносиб ўрнига эга бўлганини яна бир бор ҳис қилиб, буларни кўз қорачиғидек асраш, бошланган эзгу ишларни давом эттиришга масъул эканини теран англамоқда.
– Юртбошимиз Ислом Каримовнинг Ўзбекистон тараққиёти, халқимиз манфаати йўлида амалга оширган ишлари, ислоҳотлари йиллар оша қадри ошиб боришига шубҳа йўқ. Бу инсоннинг хотирасини нафақат бугунги, балки келажак авлодлар ҳам мустақиллигимиз меъмори сифатида юксак қадрлайди. Ислом Каримов – тинчликпарвар сиёсатчи, буюк давлат асосчиси сифатида жаҳон тарихида ўчмас из қолдирди, – деди пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек туманидаги Навоий номидаги маҳаллада истиқомат қилувчи Саъдулла Насриддинов.
– Президентимизнинг “Бизга тинчлик ва омонлик керак” деган эзгу даъвати Ўзбекистон оналарининг дилидаги, тилидаги орзу-нияти бўлиб келган, – деди Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон либерал-демократик партияси марказий кенгаши раиси ўринбосари Мухлиса Акромова. – Ана шундай эзгу мақсадларни рўёбга чиқарган Ислом Каримов юртимизда миллатлар ва фуқаролараро ҳамжиҳатлик, ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат муҳитини қарор топтирди, мустаҳкамлади. Бу барқарор муҳит юртимизда барча соҳаларда юксак ютуқ ва натижаларга эришилишига пухта замин яратди. Биз буни кўз қорачиғидек асраб-авайлаб, келажак авлодимизга тинч ва обод Ватан қолдириш йўлида фидойилик кўрсатишимиз шарт.
– Президентимиз Ислом Каримов биз, ёшларни фарзандларим, деб атаганларидан доим фахрланганмиз, – деди Абу Райҳон Беруний номидаги Тошкент давлат техника университети 2-босқич талабаси Омонулла Собиров. – “Биз ҳеч қачон ҳеч кимдан кам бўлмаганмиз ва кам бўлмаймиз”, деган даъватлари бизни доим олға интилишга ундайди. Юртбошимизнинг пок руҳи, ўгитлари биз, ёшларга мустаҳкам таянч бўлади. Биз у кишининг муносиб издошлари бўлишга ваъда берамиз.