ЎзА Ўзбек

16.08.2018 16:49 Чоп этиш версияси

Мусобақанинг қуйи босқичида 25 мингдан зиёд болалар баҳслашди

Болалар ва ўсмирлар ўртасида ўтказилаётган футбол бўйича анъанавий “Маҳалламиз келажаги” кубоги мусобақасининг Бухоро вилояти босқичи якунланди.

Турнир Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштирувчи вилоят кенгаши томонидан вилоят халқ таълими бошқармаси ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликда ташкил этилди.

– Маҳаллаларда ёшлар ўртасида футболни оммалаштириш, истеъдодларни кашф этиш ҳамда рағбатлантириш мақсадида уч ёш гуруҳида ўтказилаётган анъанавий мусобақанинг нуфузи йил сайин ошиб бормоқда, – дейди Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштирувчи вилоят кенгаши раисининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари Акмал Қозоқов. – Жорий йилда мусобақанинг қуйи босқичида 540 маҳалладан 25 минг 680 дан зиёд бола 1 минг 500 дан ортиқ жамоа таркибида иштирок этди.

Туман ва шаҳар босқичларидан сараланган 39 жамоа Вобкент тумани марказий стадионида ташкил этилган финал ўйинларида майдонга тушди.

Мусобақанинг 13-14 ёшлилардан иборат гуруҳи ҳал қилувчи баҳсида Ромитан туманининг “Тошработ” ва Когон туманининг “Ниёзҳожи” маҳалла фуқаролар йиғинлари футболчилари учрашди. Унда когонликлар 2:1 ҳисобида ғалаба қозонди. 11-12 ёшли жамоалар ўртасида Ромитан туманининг “Қаҳрамон” маҳалла фуқаролар йиғини ва 9-10 ёшли иштирокчилар ўртасида Ғиждувон туманининг “Файзулла Хўжаев“ маҳалла фуқаролар йиғини шарафини ҳимоя қилган жамоалар биринчи ўринни эгаллади.

Ғолиб жамоалар диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Эркин Ёдгоров, ЎзА
4 500