ЎзА Ўзбек

08.12.2018 11:12 Чоп этиш версияси

Мусобақа ғолиблари ва ҳоким ўринбосарларига автомобиллар берилади

Мусобақа ғолиблари ва ҳоким ўринбосарларига автомобиллар берилади

Юртимизда 8-10 декабрь кунлари қишлоқ хўжалиги ходимлари куни ва Ҳосил байрамини нишонлаш режалаштирилган.

Бу тадбирлар бугун Сурхондарё вилоятида бошланди. Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Самарқанд, Сирдарё, Хоразм, Фарғона, Тошкент вилоятларида байрам тадбирлари ва оммавий сайллар 9 декабрь кунига белгиланган. Наманган вилояти қишлоқ хўжалиги ходимлари эса 10 декабрда байрам қилади.

Байрамни кўтаринки руҳда, уюшқоқлик билан ўтказиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида 1 тоннага яқин ош дамланиб, элга тарқатилади. Нукус шаҳридаги марказий ипподромда ўтказиладиган улоқ ва от чоптириш мусобақалари ғолибларига 1 донадан “Кобальт“ ва “Спарк“, 5 дона мотоцикл ва бошқа қимматбаҳо совғалар ажратилган.

Самарқанд вилоятида эса туман ҳокимларининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосарларига “Нива Шевролет“ русумли хизмат автомашиналари топширилади. 

Бу каби байрам ва тақдирлаш бошқа вилоятларда ҳам бўлиб ўтади. Хусусан, 10 мингдан ортиқ ходим, меҳнат фахрийлари, олим ва мутахассислар, илғор фермер хўжаликлари раҳбарлари ва ишчи ходимларга вазирлик ва идораларнинг кўкрак нишонлари, маҳаллий давлат ҳокимият органларининг “Фахрий ёрлиқ“ ва “Ташаккурнома“лари, қимматли совғалар топширилади. 

Байрам тадбирларида таниқли санъаткорлар ва сўз усталари иштирокида маданий дастурлар ишлаб чиқилган бўлиб, ҳар бир ҳудудда бу тадбирлар ўз анъаналаридан келиб чиққан ҳолда ўтказилади. Барча ҳудудларда миллий ўйинлар - улоқ-кўпкари, кураш мусобақалари ташкил этилади. 

Байрам тадбирларини юқори савияда ўтказиш мақсадида шаҳар ва туманларда улгуржи савдо базалари ҳамда деҳқон бозорлари аҳолига арзонлаштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ярмаркалари ташкил этади.

Сайёра Шоева, ЎзА
6 348