ЎзА Ўзбек

17.08.2020 Чоп этиш версияси

Мусиқанинг камтарин билимдони эди

Мусиқанинг камтарин билимдони эди
Хотира

Яхши мусиқа инсонни осмон қадар юксалтиради. Кўнглини тоғдек кўтаради. Руҳиятига тиниқлик бахш этади. Ёшларнинг мусиқий саводхонлигини оширишда устозларнинг ўрни беқиёс.

Умрини мусиқа санъатига бахшида этган Дилора Муродова ана шундай жонкуяр устоз-мураббийлардан эди. Кўп йиллар аввал Ўзбекистон давлат консерваторияси фаолияти, ундаги ўқув, ижодий-тадқиқот жараёнлари ҳақида мақола ёзиш топшириғи билан ушбу билим даргоҳига борганимда, ўша пайтда консерватория ректори бўлган Дилора Муродова билан узоқ суҳбатлашгандик.

Оддий, камтарин, барчага бирдек самимий муомалада бўлувчи бу жонкуяр инсон консерваториянинг кундалик ҳаёти, иқтидорли ёшлари, ижодий концерт фаолияти хусусида сўзлаб берганди. 

Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмаси аъзоси, “Дўстлик” ордени соҳибаси, санъатшунослик фанлари номзоди, Ўзбекистон давлат консерваторияси профессори Дилора Муродова Ўзбекистонда етакчи мусиқашунослардан бири эди. Олиманинг Марказий Осиё мусиқали театр тарихи ва назарияси билан боғлиқ бўлган илмий-ижодий қизиқишлари илмий, илмий-публицистик, илмий тадрижий ва педагогик мақолаларида, телерадио чиқишларида намоён бўлди. 

1989 йилда опера жанрининг Марказий Осиё ва Қозоғистонда шаклланишига доир илмий диссертациясини ҳимоя қилиб, санъатшунослик фанлари номзоди илмий даражасига сазовор бўлганди. 2009 йилда танлов асосида “Antic world” халқаро академияси томонидан фан доктори унвони тасдиқланган.

Фундаментал илм соҳибаси Д.Муродова қалами ўткир олималардан эди. Ҳар бир мақоласи, илмий маърузалари қизиқарли ва асосли равишда ёритилиб, ўқувчи диққатини ўзига жалб этарди. «Мусиқа театрининг анъаналарига доир», «Опера ва мусиқали драма», «Марказий Осиёда мусиқали театр тараққиёти муаммолари», «Шарқ халқлари мусиқа санъатининг муштараклиги», «Мустақиллик даври Ўзбекистон композиторлик ижодиёти тўғрисида» каби мавзулардаги ўзбек, рус ва инглиз тилларида ёзган юзга яқин илмий мақолалари республика ва хориждаги тўпламлар ва журналларда нашр этилган. 2007 йилда Москвада "Опера ва мусиқий драма" (“Опера и музыкальная драма”) монографияси, 2008 йилда "Фортепиано мусиқаси талқини" ( “Интерпретация фортепианной музыки” ) номли ўқув қўлланмаси чоп этилди.

Дилора Муродова қирқ йилга яқин ҳаётини ёш авлодни тарбиялашга, мусиқа соҳасида билим беришга бағишлади.

Турли йилларда Ўзбекистон давлат консерваториясининг аспирантура ҳамда халқаро алоқалар бўлимлари бошлиғи, илмий-ижодий ишлар бўйича проректор ва саккиз йил мобайнида ректори лавозимида фаолият юритиб, олий ўқув юртининг илмий салоҳиятини оширишга катта ҳисса қўшди. Консерваторияга янги мақом берилган илк йилларда (2005 йил) ректор вазифасига тайинланган Д.Муродова ушбу ўқув даргоҳи мавқеини янги босқичга кўтарди, замонавий таълим технологиялари асосида ишлаш тизимини, халқаро маданий алоқаларни мустаҳкамлаш ишларини кенг йўлга қўйди. Консерваторияга ташриф буюрган ҳар бир чет эллик меҳмон бундай зукко ва олима раҳбар билан суҳбатлашганда Ўзбекистон мусиқа санъати ҳақида батафсил маълумотлар оларди. Бунинг самарасида юртимизга қайта-қайта келиш ва таълим ҳамда ижодий муносабатларни мустаҳкамлашга бўлган иштиёқи кучаярди.

Д.Муродова шогирдлар етиштиришда ҳам ўз мактабига эга эди. Ҳар бир талабанинг қизиқиш доирасини ўрганган ҳолда уларга алоҳида ёндашар, билим ва кўникмаларини шакллантириш ва ривожлантиришда ёрдам берарди. Бугунги кунда опанинг кўплаб шогирдлари республикамиздаги қатор олий ва ўрта махсус ўқув юртларида, маданият муассасаларида самарали фаолият олиб бормоқда. 

Дилора Муродованинг олиб борган илмий, педагоглик, раҳбарлик фаолияти, жамоатчилик ишлари унинг шогирдлари ва ёш авлод томонидан давом эттирилмоқда. 

5 525
Н.Усмонова, ЎзА