ЎзА Ўзбек

01.08.2020 Чоп этиш версияси

Муса Ерниязов «Шўрша бобо» қабристонига дафн этилди

Муса Ерниязов «Шўрша бобо» қабристонига дафн этилди

Бугун атоқли давлат ва жамоат арбоби, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси – Ўзбекистон Республикаси Сенати Раисининг ўринбосари, Ўзбекистон Қаҳрамони Муса Тажетдинович Ерниязовнинг дафн маросими бўлиб ўтди. Унинг ўзи яшаб ўтган хонадонида руҳи покларига Қуръон тиловат қилинди ва сўнги манзилга кузатилди.

Нукус шаҳрининг кўчаларида ўн минглаб аҳоли ва меҳмонлар чуқур қайғуда Муса Ерниязов билан видолашди.

7.JPG

2002 йилдан ҳозирги вақтга қадар Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси – Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг ўринбосари лавозимида ишлаган Муса Тажетдинович Ерниязов қарийб 50 йиллик меҳнат фаолияти давомида ўзининг улкан раҳбарлик салоҳияти, бой билим ва тажрибаси, маънавий фазилатлари билан, Ватанимизга беқиёс муҳаббати ва садоқати билан ҳақли равишда халқимизнинг қалбидан чуқур жой олган улуғ инсон эди.

Унинг бевосита раҳбарлигида Қорақалпоғистон Республикасини иқтисодий-ижтимоий ривожлантириш, Орол бўйидаги экологик вазиятни яхшилаш, аҳолининг турмуш даражасини ошириш бўйича улкан бунёдкорлик ва ободончилик ишлари амалга оширилди. 

30.JPG

Қорақалпоғистон Республикасининг энг чекка ҳудудларидаги деҳқон ва фермерларнинг, қурувчи ва бунёдкорларнинг, тадбиркор ҳамда ишбилармонлар, қўйингки, ҳар бир соҳа ходимларининг муаммоларини тинглаб, уларни тезроқ ҳал қилишга ва амалий ёрдам беришга ошиқардилар. Қорақалпоқ диёрида кейинги йилларда юз берган барча улкан ўзгаришлар Муса Тажетдинович Ерниязовнинг номи ва амалий фаолияти билан чамбарчас боғлиқдир.

М.Ерниязовнинг вафоти билан туман ва шаҳар ҳокимликлари, вазирликлар, идоралар, жамоат ташкилотлари ва ўқув юртлари, кенг жамоатчилик томонидан ҳамдардлик билдирилмоқда. Дарҳақиқат, бу воқеа бутун Ўзбекистон халқи, қорақалпоқ эли учун улкан йўқотиш бўлди.

2.JPG

М.Ерниязов Нукус шаҳридаги «Шўрша бобо» қабристонига дафн этилди.

Халқимиз атоқли давлат ва жамоат арбоби, самимий ва фидойи инсон Муса Тажетдинович Ерниязовнинг хотирасини доим ёдда сақлайди.

12 822
Довуд АБИБУЛЛАЕВ Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат)​, ЎзА