ЎзА Ўзбек

30.08.2016 18:01 Чоп этиш версияси

Мурувват уйи даволанувчиларига байрам совғалари улашилди

Оҳангарон туманидаги Мурувват уйида “Эъзозингдан айланай, Ватан!” шиори остида маданий-маърифий байрам тадбири ўтказилди.

Халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгаши ижтимоий-маданий ривожланиш масалалари бўйича доимий комиссияси ҳамда “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда Президентимиз раҳнамолигида ёши улуғ инсонларни эъзозлаш, уларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш, аҳолининг ижтимоий муҳофазага муҳтож қатлами манфаатларини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 2 июндаги “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма беш йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарори мазмун-моҳияти, халқимиз фақат истиқлол туфайли ўзлигини, қадр-қимматини англаб етгани, аҳоли саломатлигининг муҳофаза қилиниши, ёшларнинг ҳар томонлама баркамол бўлиб вояга етиши учун зарур шароитлар яратилгани алоҳида қайд этилди.

– Мамлакатимизда аҳолининг ижтимоий муҳофазаси доимий эътиборда эканини 350 ўринга мўлжалланган муассасамиз мисолида ҳам кўриш мумкин, – дейди Мурувват уйи директори Азиз Гайназаров. – Мустақиллик йилларида тубдан таъмирланиб, замонавий жиҳозланган муассасамизда даволанувчилар учун барча шароит мавжуд. Байрам баҳона ҳол-аҳвол сўраб келувчилар янада кўпайди. Президентимиз раҳнамолигида кўрсатилаётган бундай улкан эътибор ва ғамхўрликдан барча мамнун.

Мурувват уйи даволанувчиларига вилоят ҳокимлиги ҳамда тадбир ташкилотчиларининг совғалари улашилди, байрам дастурхони ёзилди.

Санъаткорлар ижросида Ватан, тинчлик ва дўстликни мадҳ этувчи куй-қўшиқлар янгради.

Икром Аввалбоев, ЎзА
4 907