Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

06.07.2017 17:09 Чоп этиш версияси

Мурожаатлар ечим топмоқда

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Навоий вилояти кенгаши томонидан Учқудуқ тумани “Кўкпатас” маҳалла фуқаролар йиғинида сайёр учрашув ўтказилди.

Туман ҳокими С.Ҳамроев, партия вилоят кенгаши раиси Я.Душанов ҳамда туман ҳокимлиги вакиллари, давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари иштирок этган тадбирда муаммоларни жойида ҳал этиш, аҳолининг бу борадаги шикоят ва мурожаатларини ўрганишга алоҳида эътибор қаратилди.

Президентимизнинг 2016 йил 28 декабрдаги “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони асосида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналари ташкил этилгани муаммоларни жойида ҳал этиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини тўлақонли таъминлашда юксак самаралар бермоқда.

Партия ташаббуси билан “Энг чекка қишлоқлар аҳолисининг дарду ташвиши алоҳида эътиборда” шиори остида ўтказилган учрашувда банкдан кредит олиш, ичимлик суви, ободонлаштириш ва коммунал хўжалиги масалалари, тадбиркорлик билан шуғулланиш учун бўш бино ажратиш, таълим тизими ва транспорт хизматига оид мурожаатлар ўрганилди.

Фуқаро Раҳим Сирбоев маҳалладаги мактабгача таълим муассасасини қайта таъмирлаш ва аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш, шунингдек, чорвачилик билан шуғулланиш учун банкдан имтиёзли кредит олишда ёрдам сўраб мурожаат қилди. Биринчи мурожаат юзасидан туман ҳокими ушбу масала 2018 йил давлат дастурига киритилгани ва унинг ижросини шахсан ўзи назоратга олишини таъкидлади. Иккинчи масала бўйича халқ депутатлари туман Кенгаши депутати Серижан Жанахметов тегишли ташкилот билан депутатлик сўрови орқали муаммони ҳал қилишни ўз зиммасига олди.

Маҳалла фуқаролар йиғинининг қишлоқ врачлик пункти патронаж ҳамшираси А.Каримова Учқудуқ туманидан қатнаб ишлашда транспорт камлиги боис ҳудудга микроавтобус қатнови йўлга қўйилишини сўраб мурожаат қилди. Ушбу масала бўйича ички ишлар бўлими ва маҳалла фуқаролар йиғини раисига масалани атрофлича ўрганиб, транспорт қатновини йўлга қўйиш бўйича топшириқ берилди. Фуқаро Фазилат Ҳазратова тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш учун бўш бино ажратилишини сўраб мурожаат қилди. Ушбу масала юзасидан туман ҳокими ўринбосари А.Неъматов ва маҳалла раиси томонидан қисқа муддатда ўрганиш ишлари олиб борилиб, тадбиркорга бўш бино ажратиш бўйича зарур кўрсатмалар берилди.

Нуриддин Раҳимов, ЎзА
4 339






Все о погоде - Pogoda.uz