Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

06.02.2018 16:01 Чоп этиш версияси

Мурожаатларнинг 12,6 фоизи беморлар ва уларнинг яқинларига қўпол муносабат ҳақида бўлмоқда

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ҳайъат йиғилишида бу ҳолатга алоҳида эътибор қаратилди.

Видеоселектор тарзида ўтган йиғилишда Қорақалпоғистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири, Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармаси ва вилоятлар соғлиқни сақлаш бошқармалари бошлиқлари, Республика даволаш-профилактика муассасалари раҳбарлари, олий ўқув юртлари ректорлари ҳамда ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари директорлари қатнашди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида соғлиқни сақлаш соҳаси мутасаддилари билан бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишларида шифохоналардаги ҳолатлар, тиббиёт ходимларининг касбий этикаси, аҳолининг эҳтиёжлари ва ҳақли талабларига бефарқ муносабатда бўлаётган айрим раҳбар ходимлар масъулиятини оширишда ижро интизоми ва назорати алоҳида ўрин тутиши таъкидланганди.

Шу муносабат билан ҳайъат йиғилишининг биринчи масаласи аҳолидан келиб тушаётган мурожаатлар таҳлилига бағишланди. Таъкидланганидек, Президент Виртуал қабулхонасига келаётган мурожаатларнинг тиббиётга тегишли қисми ўрганилганда, уларнинг 12,6 фоизи айнан соғлиқни сақлаш ходимлари ҳаракати, бемор ва унинг қариндошларига нисбатан қўпол муомалада бўлинаётгани ҳақида экани маълум бўлди.

Хусусан, Тошкент шаҳар 4-сон клиник шифохонаси травматология бўлимида даволанаётган бемор томонидан юборилган мурожаат ўрганилганда ҳам шифохонада айни шу камчиликларга йўл қўйилаётгани аниқланди. Бемор ва унинг қариндошлари билан ўтказилган суҳбат жараёнида шифохонанинг травматология бўлими мудири Т.Тоғаев ва ҳамшира М.Толипова ҳақиқатан ҳам тиббиёт ходими деонтологияси талабларини қўпол равишда бузиб келгани маълум бўлди.

– Бугун биз Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида янгича ишлаш тизимига ўтаяпмиз. Яъни ишимизга баҳони халқ берадиган, халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қиладиган тизимга, – дейди соғлиқни сақлаш вазири А.Шодмонов. – Ҳаётнинг ўзи олдимизга инсон манфаатларини ҳар томонлама таъминлаш масаласини долзарб вазифа қилиб қўймоқда. Ҳар бир раҳбар ходим халқ дарди, халқнинг ҳаётий муаммо ва эҳтиёжларини яхши билиши шарт. Шу каби ҳолат бошқа тиббиёт муассасаларида ҳам содир бўлмаслиги, барча ўзига тегишли хулоса чиқариши учун мазкур масала муҳокамасини бугунги навбатдан ташқари бўлаётган ҳайъат йиғилишимизнинг бош масаласи сифатида олиб чиқдик.

Юқорида кўрсатилган камчиликларга йўл қўйилганлиги ҳамда шифохонада маънавий муҳит бузилганлиги, тиббиёт ходимлари ўртасида этика, деонтология масалалари талабга жавоб бермаганлиги учун Тошкент шаҳар 4-сон клиник шифохонаси бош шифокори С.Алимов, шифохонанинг бош ҳамшираси Ш.Алимова, травматология бўлими мудири Т.Тоғаев ва травматология бўлими ҳамшираси М.Толипова ўз вазифаларидан озод этилди.

Йиғилиш якунида ҳар бир тиббиёт ходимининг асосий вазифаси аҳоли саломатлигини янада яхшилаш, оилаларга кириб борган ҳолда мулоқот ўрнатиш, кафолатланган ҳамда бошқа тиббий хизмат турларининг ўз вақтида ва кўнгилдагидек кўрсатилишини таъминлаш экани яна бир бор таъкидланди. Тиббиёт ходими фаолияти самараси халқ фикри орқали баҳоланадиган тизим шакллантириш, бунда тиббиётнинг барча бўғинини комплекс ривожлантириш лозимлигига эътибор қаратилди.

Моҳигул Қосимова, ЎзА
9 654