ЎзА Ўзбек

13.08.2018 18:41 Чоп этиш версияси

Мурожаатлар тез ва ижобий ҳал этилмоқда

Мурожаатлар тез ва ижобий ҳал этилмоқда Президентимиз ташаббуси билан аҳолига хизмат кўрсатиш борасида мутлақо янги тизим – Давлат хизматлари агентлиги ва ҳудудларда унинг марказлари ташкил этилди.

Хўш, бугунги кунда мазкур тузилма ўзини қай даражада оқламоқда? Улар томонидан аҳолига хизматлар кўрсатиш сифати қандай?

Буни Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз тумани Давлат хизматлари маркази фаолияти мисолида кўриб чиқамиз.

Марказ томонидан жисмоний ва юридик шахсларга бир қатор давлат хизматлари кўрсатилмоқда. Йилнинг ўтган даврида 955 кичик бизнес субъекти рўйхатга олинган, уларнинг 550 таси якка тартибдаги тадбиркорлардир. Марказ томонидан фаолият кўрсатмаётган кичик бизнес ва тадбиркорлик субъектлари ҳам ўрганиб борилмоқда. Ҳозирда 75 турдаги давлат хизмати кўрсатиш белгиланган бўлиб, шу кунгача кўрсатилган хизматлар 14 минг 86 тани ташкил этган. Мурожаатлар марказ ходимлари томонидан ўрганилиб, тегишлилиги бўйича ижобий ҳал этилаётир.

– Марказга нодавлат мактабгача таълим муассасаси очиш мақсадида ҳужжатлар тайёрлаш учун мурожаат қилган эдим, – дейди тадбиркор Мадина Жумаева. – Мурожаатим қисқа вақтда қаноатлантирилди, энди лицензия олиб, ўз фаолиятимни бошлайман. Ишларим ортиқча оворагарчиликсиз битганидан жуда хурсандман.

Марказда ходимлар самарали ишлаши учун барча шароит яратилган. Хоналар замонавий компьютер технологиялари билан тўлиқ таъминланган. Бу ерда ҳар бир мурожаат эътиборда.

Таҳлиллар шуни кўрсатадики, марказга кейинги пайтларда болаларни мактабгача таълим муассасасига қабул қилиш ҳамда давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва тижорат банклари томонидан кўрсатилаётган барча турдаги хизматлардан эркин фойдаланишни таъминлайдиган электрон рақамли имзо сертификатини олиш бўйича аризалар кўпроқ келиб тушмоқда. Мазкур йўналишдаги мурожаатлар қарийб 7 мингта бўлиб, бу ҳозиргача қилинган мурожаатларнинг қарийб 50 фоизи демакдир.

– Марказимиз томонидан айни пайтда 100 дан ортиқ турдаги давлат хизматлари кўрсатилмоқда, – дейди марказ бош мутахассиси Шоҳрух Ҳафизов. – Бундай дейишимга сабаб, Шаҳрисабз тумани Давлат хизматлари марказида кўрсатиладиган хизматлар рўйхатига тажриба тариқасида яна қўшимча 31 турдаги давлат хизматлари киритилди. Бундан ташқари, махсус ажратилган “Дамас” автомашинаси ёрдамида олис ҳудудларга бориб, аҳолига давлат хизматлари кўрсатиш ҳам йўлга қўйилди. Масалан, тоғли ҳудуд бўлган Ҳисорак, Ғилон, Кўл қишлоқлари туман марказидан анча узоқ. Шу боис бу жойларнинг ўзига бориб давлат хизматлари кўрсатилмоқда ва аҳолининг кўплаб мурожаатлари жойида ҳал этилмоқда.

Шунингдек, марказга жамғариб бориладиган пенсия тизимини ҳисобга қўйиш, пенсия ва нафақа миқдори тўғрисида маълумот бериш, такрорий гувоҳномалар олиш ва бошқа хизмат турлари бўйича ҳам мурожаатлар келиб тушмоқда ва ижобий ечимини топаётир. Албатта, бу жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаати ҳал этилиши ҳамда марказ фаолиятининг такомиллашувида, фуқаролик жамиятини шакллантиришда, иқтисодиётни ривожлантиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Ўлмас Баротов, ЎзА
4 612