ЎзА Ўзбек

25.04.2018 12:52 Чоп этиш версияси

Мурожаатлар эътиборсиз қолмайди

Фурқат тумани Қўқонбой қишлоғида истиқомат қилувчи фуқаро Қ.Жўраев ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини яхши билгани учун туман газ таъминоти корхонаси ходимлари уни алдай олмадилар. 

Истеъмолчи фойдаланилган газ тўловларини ўз вақтида амалга ошириб келди. Ҳисоблаш ускунасининг даврий қиёслов кўригидан ўтказиш муддати ўтиб кетганлиги тўғрисида фуқарога орадан 2,5 ой ўтиб туман газ таъминоти корхонаси томонидан оғзаки огоҳлантириш берилди. Шу кундан бошлаб истеъмолчига нисбатан меъёрий истеъмол бўйича ҳисоб-китоб қилина бошланди. 

Қ.Жўраев кечиктирмасдан туман газ таъминоти корхонасига бир неча бор мурожаат қилган бўлса-да, корхона томонидан газ ҳисоблаш ускунаси навбатдаги қиёслов кўригидан ўтказиш учун икки ой давомида ечиб олинмади. Натижада истеъмолчининг ҳисобига 569 минг сўмдан зиёдроқ нореал қарздорлик юзага келди. 

Бу ҳолатдан норози бўлган истеъмолчи Фурқат тумани истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига мурожаат қилди. Туман жамияти «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонун, «Газни ҳисобга олиш приборларини текширувдан ўтказиш тўғрисида»ги Низомга асосан, ушбу нореал қарздорликни бартараф қилиш бўйича туман газ таъминоти корхонасига мурожаат қилди. Шундан сўнг истеъмолчига нисбатан келиб чиққан 569 минг сўм нореал қарздорликнинг фақат 365 минг сўм миқдори корхона томонидан бартараф қилинди. Қолган 203 минг сўм нореал қарздорликни туман газ таъминоти корхонасидан ундириш бўйича асосли ҳужжатлар билан туман прокуратурасига юборилди.

ЎзА
6 200