Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

12.09.2017 16:53 Чоп этиш версияси

Мураккаб амалиёт муваффақиятли ўтди

Академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия марказида Америка Қўшма Штатларининг CaroMont Heart клиникаси шифокори билан ҳамкорликда жарроҳлик амалиёти ўтказилди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан тиббиёт соҳаси тубдан ислоҳ қилинмоқда. Ташхис қўйиш, даволаш ва жарроҳлик амалиётлари учун юқори технологик аппаратлар келтирилмоқда, хорижнинг етакчи клиникалари билан ҳамкорлик ривожланмоқда.

Республика ихтисослаштирилган хирургия маркази ҳам замонавий тиббиёт ускуналари билан жиҳозланган. Бу ерда юрак хасталиги билан оғриган беморларда мураккаб жарроҳлик амалиётлари ўтказилмоқда.

Американинг CaroMont Heart клиникаси етакчи кардиожарроҳи Алекс Акбаров ушбу марказ фаолияти билан яқиндан танишди, шифокорлар учун маҳорат дарслари ташкил қилди. Юрак хасталигига чалинган беморларни тиббий кўрикдан ўтказиб, мураккаб жарроҳлик амалиётларини олиб борди.

– Қашқадарёлик бемор Жума Териевнинг юрагида қон айланиш фаолиятини тиклаш мақсадида аорта коронар шунтлаш операцияси ўтказилди, – дейди Республика ихтисослаштирилган хирургия маркази кардиожарроҳи Умиджон Муродов. – Бундай жарроҳлик амалиёти шифокорлардан чуқур билим ва юқори даражадаги аниқликни талаб этади. Марказимизда амалга оширилаётган бу каби операциялар биз, ёш шифокорлар учун ўзига хос маҳорат мактаби вазифасини ўтамоқда.

Республика ихтисослаштирилган хирургия маркази билан CaroMont Heart клиникаси кардиожарроҳи Алекс Акбаров ўртасида ҳамкорлик бўйича битим имзоланди. Мазкур ҳужжат тиббиёт соҳасида ўзаро тажриба алмашишни кўзда тутади.

– Ўзбекистонда аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашга кўмаклашиш, маҳаллий шифокорлар билан тажриба алмашиш имконияти пайдо бўлганидан мамнунмиз, – дейди А.Акбаров. – Зеро, мамлакатингиз шифокорлари кейинги йилларда тиббиёт соҳасида салмоқли ютуқларни қўлга киритаётир. Келишув доирасидаги ўзаро ҳамкорлик икки томонлама мулоқотлар ўтказиш ва тажриба алмашиш имконини беришига ишонамиз.

Ҳозирги кунда академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия маркази Россия, Жанубий Корея, Италия, Франция, Туркия, Дания ва АҚШнинг етакчи тиббиёт клиникалари билан ҳамкорликни йўлга қўйган. Бу ташхис қўйиш ва даволашнинг замонавий усулларида тадқиқотлар ўтказиш, марказ фаолиятида илм-фан ютуқларидан самарали фойдаланиш, тажриба алмашиш баробарида юқори технологик ва мураккаб жарроҳлик амалиётларини ўтказиш имконини бермоқда.

Улуғбек Шоназаров, ЎзА
2 004






Все о погоде - Pogoda.uz