14.11.2013 16:35 Жамият

Муқобиллик, ошкоралик – асосий омил

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2013 йил 12 сентябрдаги қарорига мувофиқ ўтказилаётган фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайлови Фарғонада ҳам қизғин давом этмоқда.

Сайловларда фуқаролар ташкилотчилик қобилияти ва бой ҳаётий тажрибага эга, обрў-эътиборли номзодга овоз бермоқда.

Ўзбекистон туманидаги "Нурсух" қишлоқ фуқаролар йиғинида очиқ овоз бериш йўли билан ўтказилган сайловда уч нафар номзод орасидан шу пайтга қадар қишлоқ фуқаролар йиғини раиси вазифасида ишлаб келаётган Азизбек Ўринбоев навбатдаги муддатга қайта раисликка сайланди.

– Ҳаётимизни маҳалласиз тасаввур этиб бўлмайди, – дейди қишлоқ фуқаролар йиғини фаоли Валижон Қўчқоров. – Яхши кунимизда ҳам, бошимизга ташвиш тушганда ҳам, аввало, маҳалла, маҳалладошлар билан кенгашамиз. Оқсоқол ҳудуднинг пасту баландини яхши биладиган, маҳалладошлар билан бирдай тил топишиб, элнинг қувончу ташвишини ўзиники деб қабул қиладиган киши бўлиши керак. Бугун сайланган раис ва унинг маслаҳатчиларига ўз зиммасидаги ана шундай шарафли ва масъулиятли вазифани уддалашга қодир инсонлар, деб ишонч билдирдик.

Бу галги сайловда вилоят бўйича 1029 маҳалла фуқаролар йиғини раиси ва уларнинг 9 минг 600 нафардан зиёд маслаҳатчилари сайланади. Айни кунда ушбу муҳим ижтимоий-сиёсий жараён уюшқоқлик билан давом этмоқда.


ЎзА, М.Сулаймонов






Все о погоде - Pogoda.uz