ЎзА Ўзбек

15.10.2012 16:01 Чоп этиш версияси

Муқобил энергия истиқболлари

Тошкентда “Қайта тикланадиган энергетика соҳасидаги сўнгги ютуқлар ва тенденциялар: паст ўлчамли функционал материаллар ролидан ва инновацияларни бошқаришгача” мавзуида халқаро илмий анжуман бошланди.

Тадбир Ўзбекистон Миллий университети ҳузуридаги амалий физика илмий-тадқиқот институти, Ўзбекистон физика жамияти, пойтахтимиздаги Турин политехника университети ҳамда НАТОнинг “Фан тинчлик ва хавфсизлик учун” дастури ҳамкорлигида ташкил этилди.

Анжуманда мамлакатимиз мутахассисларидан ташқари Бельгия, Германия, Дания, Исроил, Италия, АҚШ, Япония ва бошқа давлатлардан 40 нафардан зиёд олим ва экспертлар иштирок этмоқда.

Сўнгги ўн йил ичида дунёда ресурслар, айниқса, энергия тежамкорлиги масаласи долзарб аҳамият касб этмоқда. Бу энергия истеъмоли уни ишлаб чиқаришга нисбатан жадал суръатларда ўсаётгани билан изоҳланади. Президентимиз Ислом Каримовнинг 2010 йил 15 декабрда қабул қилинган “2011-2015 йилларда Ўзбекистон Республикаси саноатини ривожлантиришнинг устувор йўналишлари тўғрисида”ги қарорида алоҳида таъкидланганидек, бу борада юқори технологияли энергия тежаш усуллари, илғор фан ютуқларига асосланган инновацион ва илмталаб технологияларни жорий қилиш муҳим аҳамията эга.

Ўзбекистон физика жамияти раиси, физика-математика фанлари доктори Даврон Матрасуловнинг айтишича, анжумандан кўзланган асосий мақсад – энергетикада қўлланиладиган ресурсни тежовчи материаллар яратиш соҳасидаги илмий-амалий вазифалар, устуворликлар ва истиқболларни муҳокама қилишдан иборат. Бунда паст ўлчамли функционал материаллар физикасидаги сўнгги ютуқлар ва замонавий нанотехнологияларда улардан фойдаланиш масаласи анжуманнинг бош мавзуи бўлади.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистонда муқобил энергетикани ривожлантириш масаласи ҳам муваффақиятли ҳал этилмоқда, бугунги кунда бу соҳага оид кўплаб ижобий мисолларни келтириш мумкин. Хусусан, мамлакатимизда кремнийдан йирик кристаллар ва плёнкаларни газ фазали ва вакуумли усуллар ёрдамида олишга оид технологик жараёнларни ишлаб чиқиш, уларни оптималлаштириш, шунингдек, ярим ўтказгичли материаллар ва қурилмаларнинг электр физик жиҳатларини назорат қилиш воситалари ҳамда усулларини яратиш борасида катта тажриба тўпланган. Юртимиздаги қаттиқ жисмлар физикаси мутахассислари томонидан кварц бирикмасидан техник кремний олиш бўйича қатор самарали технологиялар ишлаб чиқилган. Бу тоза кремний – қуёш элементлари ҳамда бошқа ярим ўтказгичли электрон қурилмаларни олиш учун асос бўлиб хизмат қилади.

Мамлакатимиз ҳудудида кварцит ва кварц қатламлари, кварц қумлари конлари мавжудлигини эътиборга олиб, ўтган йили ҳукуматимиз томонидан Навоий вилоятидаги “UzKor Silicon” қўшма корхонаси масъулияти чекланган жамиятида техник кремний ишлаб чиқаришнинг биринчи босқичини ташкил қилиш бўйича инвестиция лойиҳаси тасдиқланган эди. Бу келажакда ўзимизда арзон нархларда қуёш элементлари ва панелларни юқори технологиялар ёрдамида ишлаб чиқариш ҳамда қайта тикланувчи энергия манбаларини жорий қилиш жараёнини такомиллаштириш имконини беради.

– Ўзбекистон муқобил энергетикани ривожлантириш борасида юксак кадрлар салоҳиятига эга, – дейди Дюссельдорф университети ҳузуридаги назарий физика институти директори, профессор Рейнольд Эггер (Германия). – Биз Ўзбекистон физика жамияти ва Амалий физика илмий-тадқиқот институти билан муваффақиятли ҳамкорлик қилмоқдамиз. Бу ерга ташрифим давомида ёш мутахассислар билан танишиб, мулоқот қилиш имконига эга бўлдим, уларда катта илм-фан оламига кириш учун интилиш ва ҳаракат кучли эканига ишонч ҳосил қилдим. Айнан ёшлар бошқа мамлакатлар билан рақобатлаша оладиган Ўзбекистон илм-фанини янада ривожлантира олади.

Тадбир доирасида паст ўлчамли наноматериаллар асосидаги қуёш элементларининг учинчи авлоди, паст ўлчамли материалларда термоэлектр ва водород энергетикаси, квант функционал материаллари, квант информатикаси ва криптографияда паст ўлчамли материалларни тиббий-биологик қўллаш каби мавзуларга бағишланган маърузалар тингланади, тақдимотлар ўтказилади. 


ЎзА, Меҳрибон Маметова
12 571