Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

06.03.2017 16:12 Чоп этиш версияси

Муносиблик масъулияти

Дилноза Раҳматова каноэда эшкак эшиш бўйича Ўзбекистон, Осиё, жаҳон чемпионатларининг кўп карра совриндори. Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия институтида таҳсил олаётган Дилноза 2017 йилда Зулфия номидаги Давлат мукофотига муносиб топилганини мамлакатимизда ёшларга кўрсатилаётган чексиз меҳр-эътибордан деб билади.

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигида Зулфия номидаги Давлат мукофотига 2017 йилда сазовор бўлган қизлар иштирокида маърифий тадбир бўлиб ўтди. Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирга турли вазирлик ва идоралар, ижодий ва жамоат ташкилотларининг вакиллари, ўқитувчилар, фаол хотин-қизлар, талаба-ёшлар таклиф этилди.

Иштирокчилар пойтахтимиздаги Ўзбекистон халқ шоири Зулфия ҳайкали пойига гуллар қўйди.

Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазири У.Иноятов, Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази директорининг ўринбосари З.Худойбердиев ва бошқалар Биринчи Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан таъсис этилган Зулфия номидаги Давлат мукофоти истеъдодли қизлар сафини тобора кенгайтириш, уларнинг эзгу орзуларини юзага чиқаришда муҳим омил бўлаётганини таъкидлади.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан хотин-қизларга алоҳида ғамхўрлик кўрсатиш, айниқса, ўсмир қизлар саломатлигини асраш, миллатимиз генофондини соғломлаштириш, ёшларнинг маънавий-ахлоқий тарбиясига оид ишларни такомиллаштириш, таълим сифатини тубдан яхшилаш борасидаги саъй-ҳаракатлар юртимизнинг миллионлаб оналари томонидан қўллаб-қувватланмоқда.

– Ардоқли шоирамиз номидаги Давлат мукофотига сазовор бўлиш ҳар бир қизнинг орзуси, – дейди Зулфия номидаги Давлат мукофотининг 2017 йилги соҳибаси, Қорақалпоғистон Республикаси Тўрткўл тиббиёт коллежи ўқувчиси Гўзал Отажонова. – Инсон қайси касбни танламасин, унинг етук маънавиятли, теран тафаккурли шахс бўлиб камолга етишида адабиётнинг ўрни беқиёсдир. Юртимизда ёшларга кўрсатилаётган улкан эътибор самарасида ҳамда шеъриятга меҳрим боис мен ҳам адабиётга доир бир қатор ижодий лойиҳалар, танловларда қатнашдим. Илк машқларим китоб ҳолида чоп этилди.

Тадбирда сўзга чиққан Зулфия издошлари мамлакатимизда ёш авлод камолотига кўрсатилаётган чексиз меҳр-ғамхўрлик учун давлатимиз раҳбарига миннатдорлик билдирди.

Учрашувда Ватанни, истиқлолни, тинч ва осойишта кунларимизни, ёшлар камолоти ва истиқболи йўлидаги эътиборни тараннум этувчи шеър ва куй-қўшиқлар янгради.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси Т.Норбоева сўзга чиқди.

Назокат Усмонова, ЎзА
1 073






Все о погоде - Pogoda.uz