ЎзА Ўзбек

16.07.2018 18:12 Чоп этиш версияси

Мундиал, биз сени соғиниб қоламиз!

Мундиал, биз сени соғиниб қоламиз!
Завқ, ҳаяжон, қувонч, гоҳида ачиниш, соғинч – бу туйғуларнинг барчасини футболда бир вақтнинг ўзида ҳис қилиш мумкин.

Шунинг учун миллионлар ўйини деймиз, ундан завқ оламиз. Мана, тўрт йилликнинг энг нуфузли турнири ҳам ўз ниҳоясига етди. Кеча бўлиб ўтган финал ўйинини миллионлаб одамлар қаторида бизнинг мамлакатдаги футболсеварлар ҳам томоша қилди. Футбол шундай лаҳзаларни ҳадя этадики, бу онларга етиш учун тўрт йил кутишга рози бўласиз.

Россияда бўлиб ўтган жаҳон чемпионати бизга шундай лаҳзаларни ҳадя этди. Французлар тарихда иккинчи марта бош совринни қўлга киритди.

"UzReport" ахборот агентлиги ҳамда Халқаро пресс-клуб ҳамкорлигида «ФИФА жаҳон чемпионати – 2018: миллионлар ўйини, жонли трансляция ва футбол завқи» мавзуида ташкил этилган матбуот анжуманида мундиалнинг завқли лаҳзалари яна бир бор эсга олинди. Тадбирда россиялик спорт шарҳловчилари Денис Казанский ва Александр Елагин, ФИФА рефериси Равшан Эрматов, "UZREPORT TV" ва "FUTBOL TV" телеканалларининг етакчи спорт шарҳловчилари иштирок этди.

Анжуманда чемпионатни Ўзбекистон ҳудудида эфирга узатиш якунлари муҳокама этилди. "UzReport" ахборот агентлиги бош директори Р.Жўраевнинг таъкидлашича, ўйинларнинг "Full HD" форматда эфирга узатилишини таъминлаш мақсадида бир қатор техник ўзгаришлар амалга оширилган. Яъни, шарҳ тилини (рус ёки ўзбек) танлаш имкониятининг жорий этилгани томошабинларга қулайлик яратган.

Мусобақа доирасидаги ўйинларни рус тилида юқори даражада шарҳлаш учун Россия спорт каналлари шарҳловчилари – Денис Казанский ва Александр Елагин, шунингдек, қозоғистонлик машҳур шарҳловчилар – Дмитрий Мостовой ҳамда Евгений Акманов Ўзбекистонга таклиф этилди.

Уларнинг Тошкентга ташрифи жуда фойдали бўлди. Сабаби, шарҳдан ташқари телеканалда маҳорат сабоқлари ўтказилди, ўзаро тажриба алмашилди. Бундан ташқари, россиялик спорт шарҳловчилари Ўзбекистонда футболни янада оммалаштириш мақсадида турли фан клуб аъзолари ва футбол мухлислари билан учрашувлар ўтказди. Шунингдек, журналистлар учун махсус интервьюлар ташкил этилди.

– "UZREPORT TV" канали орқали икки тилдаги шарҳ йўлга қўйилиши ўзбекистонлик мухлислар учун ажойиб туҳфа бўлди, – дейди Денис Казанский. – Ўйлайманки, ўзаро ҳамкорлик шарҳловчилик мактаби ривожида ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Анжуманда жаҳон чемпионатларида энг кўп ўйин бошқарган ҳамюртимиз, ФИФА рефериси Равшан Эрматов фаолияти хусусида сўз юритилди. 21-жаҳон чемпионати ҳамюртимиз учун учинчи мундиал бўлди. 2010 йил Африка қитъасида бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида Р.Эрматов бошчилигидаги ҳакамлар бригадаси 5 та ўйинни бошқарган. 2014 йил Бразилияда ўтган мундиалда 4 та ўйинни бошқариб, рекорд натижа қайд этган. Россия яшил майдонларидаги турнирда ҳамюртимизга 2 та муҳим ўйин ишониб топширилди ва у ўз рекордини яна янгилади.

– Ўзбекистонлик муҳлисларнинг дастаги бизга куч-ғайрат бағишлайди. Мундиал жуда қизиқарли, ҳис-ҳаяжонга бой ўтди. Хоҳлайсизми-йўқми, футбол учрашувларининг жозибаси қандай ҳакамлик қилишга ҳам боғлиқ. Бу эса бизга жуда катта масъулият юклайди. 2022 йил Қатарда бўлиб ўтадиган турнирда Ўзбекистон терма жамоасини ҳам кўришни жуда хоҳлаймиз. Умид қиламизки, футболчиларимиз буни уддалайди, – деди Равшан Эрматов.

Ўйинларнинг жонли трансляцияларидан кун натижаларига бағишланган «Highlights» дастури тақдим этилди. Бундан ташқари, "FUTBOL TV" телеканали орқали ярим финал учрашувларидан бошлаб, томошабинлар эътиборига жонли эфирда «Futbol TV Studio» кўрсатуви ҳавола қилинди. Ушбу кўрсатув ўзбек ва рус тилларида эфирга узатилди. Тўғридан-тўғри эфирда футбол соҳасидаги етакчи мутахассислар ва шарҳловчилар ўйинларни муҳокама қилди. Томошабинлар кўрсатув давомида уларга "Facebook" ижтимоий тармоғи орқали савол йўллаш имконига эга бўлди.

Нурилло Насриев, ЎзА
8 263