Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги

11.09.2018 09:00 Чоп этиш версияси

«МУЛКДОРЛАР РЕЕСТРИ» ишга туширилди

«МУЛКДОРЛАР РЕЕСТРИ» ишга туширилди
Тест режимида «Geoinfocom» давлат унитар корхонаси томонидан ишлаб чиқилган «МУЛКДОРЛАР РЕЕСТРИ» – davreestr.uz, gosreestr.uz ишга туширилди.

davergeodezkadastr_mitasi_sayyer_abul_tkazadi.jpg
Сўнгги йилларда мамлакатимизда бизнес юритиш учун қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари кафолатларини мустаҳкамлаш, корпоратив бошқарувни ривожлантириш, чет эл инвестицияларини фаол жалб этиш ва инвесторларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашни таъминлашга қаратилган кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Ишбилармонлик муҳитини яхшилаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирларнинг кўлами ва самарадорлиги нафақат мамлакатимиздаги инвестицион фаолликнинг ортиши билан, балки нуфузли халқаро молиявий ташкилотлар ва рейтинг агентликлари томонидан берилаётган муносиб баҳо билан ҳам ўз исботини топмоқда.

Хусусан, сўнгги 5 йил давомида Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорациясининг «Бизнес юритиш» йиллик ҳисоботида Ўзбекистон Республикасининг рейтинги 2 баравардан ортиқ яхшиланиб, мамлакатимиз жаҳоннинг 190 та мамлакати орасида 2012 йилдаги 166-ўриндан 2017 йилда 74-ўринга кўтарилди. Бундан ташқари, сўнгги ҳисоботда мамлакатимиз бизнес юритиш учун энг қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш кўрсаткичи бўйича ислоҳотчи мамлакатларнинг биринчи ўнталигидан жой олди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 13 июлдаги «Жаҳон банки ва халқаро молия корпорациясининг «Бизнес юритиш» йиллик ҳисоботида Ўзбекистон Республикасининг рейтингини янада яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарор ижросини таъминлаш мақсадида тест режимида «Geoinfocom» давлат унитар корхонаси томонидан ишлаб чиқилган «МУЛКДОРЛАР РЕЕСТРИ» – davreestr.uz, gosreestr.uz ишга туширилди.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, ушбу қарорга асосан тузилган «Йўл харитаси»да Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси томонидан амалга ошириладиган вазифалар ҳам белгиланган бўлиб, айни пайтда қўмита томонидан тизимли ишлар олиб борилмоқда. 

«Давергеодезкадастр» қўмитаси 
Ахборот хизмати

ЎзА