ЎзА Ўзбек

06.08.2018 16:33 Чоп этиш версияси

Мулоқот самарали бўлди

Навоий вилояти ҳокими Қ.Турсунов Навбаҳор тумани ёшлари билан учрашди.

Вилоят раҳбари тумандаги “Камалак” болалар соғломлаштириш оромгоҳида “Yoshlar – kelajagimiz” Давлат дастури доирасида ўтказган мулоқотда ёшлар ўз таклиф ва ғояларини илгари сурди, муаммолари ва фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашди.

Учрашувда Президентимиз ташаббуси билан қабул қилинган мазкур тарихий дастур ёшларимиз ҳаётида алоҳида ўрин тутадиган, уларнинг келажаги учун янги имкониятлар яратиб берадиган муҳим ҳуқуқий ҳужжат эканлиги таъкидланди. Тижорат банклари масъуллари томонидан ёшларга имтиёзли кредитлар ажратиш тартиби хусусида батафсил маълумот берилди. 10 нафар йигит-қизга фуқаролик паспорти топширилди.

Навбаҳорлик ёшлар вилоят раҳбаридан асосан тадбиркорлик фаолияти учун кредит олиш ҳамда ер майдонлари ажратишда амалий кўмак сўради.

Тумандаги “World and billion” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Ҳ.Ўроқов ўзининг 3 та истиқболли лойиҳаси ҳақида гапириб берди. Хусусан, балиқчилик хўжалиги, интенсив боғ ва плёнка остида томорқачиликни йўлга қўйиш ғояларини илгари сурди. Мазкур лойиҳалар амалга ошса, 50 киши ишли бўлади. “Қалқонота” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи М.Абдуллаева тикувчилик цехи очиш учун ер майдони ажратилишини сўраб мурожаат қилди. "Янгиҳаёт" маҳалласида яшовчи II гуруҳ ногирони Д.Пирматов иссиқхона хўжалигини кенгайтириш учун 25 миллион сўм миқдорида фоизсиз кредит ажратилишида кўмак сўраб, бунинг натижасида 5 та янги иш ўрни яратишини маълум қилди.

– Мамлакатимизда ёшларга кенг имкониятлар яратилган, – дейди "Ёш куч" маҳалласида яшовчи О.Йўлдошев. – Учрашувда иссиқхона ташкил этиш лойиҳам вилоят ҳокими томонидан муносиб рағбатлантирилиб, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши ҳузуридаги тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш маркази фондидан фоизсиз 15 миллион сўм миқдорида кредит маблағи ажратиладиган бўлди.

Учрашувда қарийб 30 та мурожаат ижобий ҳал этилди. Иш билан банд бўлмаган қизларга 4 та микротўлқинли печ ҳамда 40 дона тикув машинаси топширилди. Ҳунарли ёшларга пайвандлаш ускуналари ҳамда икки нафар ташаббускорга 35 бошдан парранда тарқатилди. Шунингдек, тадбир доирасида ташкил этилган бўш иш ўринлари ярмаркасида 70 нафар ёш мутахассис ишга жойлашиш учун йўлланма олди.

Нуриддин Раҳимов, ЎзА
4 863