ЎзА Ўзбек

12.06.2019 17:10 Чоп этиш версияси

МУЛОҲАЗА. Ўзбекистон ютса-да, мухлислар ранжишди. Нега?

МУЛОҲАЗА. Ўзбекистон ютса-да, мухлислар ранжишди. Нега?

Кеча Ўзбекистон миллий терма жамоаси ўртоқлик ўйинида Сурия устидан 2-0 ҳисобида ғалаба қозонди. Бу натижа ўйинни бевосита стадиондан кўрган мухлислар ва уни телеэкран қаршисида кузатган томошабинларни қувонтирганлиги бор гап, аммо учрашувни стадионда кўриш истагида озми-кўпми йўл босиб “Бунёдкор” стадионига келган, ҳаттоки қўлида чиптаси бўла туриб стадионга киролмаган, аниқроғи, киритилмаган юртдошларимизни ранжитди, десак муболаға бўлмайди.

Ўйин бошланишига яқин стадионга етиб бордим, бироқ ички ишлар ходимлари стадион тўлиб бўлгани ва мухлислар киритилмаслиги борасида буйруқ борлигини айтиб қўлимда ўртоқлик ўйинлари учун чиқарилган махсус бэйжик билан ҳам киритмасдан у ёқдан бу ёққа овораи сарсон қилишди. Аммо, катта машаққатлар билан, қўлимдаги бейжик ва журналист эканимни тасдиқловчи ҳужжатим бўла туриб, фақат ПФЛ директори аралашувидан кейингина стадионга киришга муваффақ бўлдим. ОАВ вакилики шунча муаммо билан стадионга кираётган экан, оддий мухлис нима қилсин?

Ўзбекистон футбол ассоциацияси миллий терма жамоа иштирокида 
Тошкентда ўтказиладиган ўртоқлик ўйинларига кириш бепул эканини 
аллақачон эълон қилган бўлса-да, ўйин куни чипталар қўлда 20-25 минг 
сўмдан сотилаётганига ўзим гувоҳ бўлдим

Буниси ҳам майли, Ўзбекистон футбол ассоциацияси миллий терма жамоа иштирокида Тошкентда ўтказиладиган ўртоқлик ўйинларига кириш бепул эканини аллақачон эълон қилган бўлса-да, ўйин куни чипталар қўлда 20-25 минг сўмдан сотилаётганига ўзим гувоҳ бўлдим. Шундай “учар”лардан биридан сўрадим:

d1b5c70c-ec1f-40fd-8325-600bdfaaf7a7.jpg

– Оғайни, ўйинга кириш бепул дейилганди. Чипталар эса турли ташкилот ва идораларга тарқатилиши керак эди. Сир бўлмаса айтингчи, сиз қаердан олдингиз шунча чиптани?

– Ака, сизга чиптанинг кераги йўқку, нима қиласиз бошимизни қотириб? (Ҳойнаҳой, у қўлимдаги бэйжикни кўриб қолган.)

– Меҳмонларим бор эди, шунга сўраяпман, - дедим мен ҳам бўш келмасдан.

– Ака, сизга чипта сотмайман!

Шу гапни айтдию ҳалиги йигит “қуённи чизиб юборди”.

Ичкаридан бир майор “Умид аканинг танишини киритиб юбор”, 
деб буйруқ берди. Энди савол туғилади: Аҳмаджоновнинг таниши 
одаму, бошқалар одам эмасми? Нега улар на бэйжик, на чипта ва на 
таклифномасиз стадионга кириб кетаверишлари керак

Мен эса учинчи киришдан ҳам ўтолмаганимдан кейин стадионга хизмат машиналари кириб чиқадиган эшик томон келдим (чунки ички ишлар ходимлари шу ёққа юборишганди). Бу ерда эса бошқа бир ИИВ ходими (афсуски, у ўзини таништиришни истамади) бу эшикдан фақат хизмат машиналари кириб чиқишини айтиб, яна келган жойимга қайтариб юбормоқчи бўлди. Худди шу пайт бир киши келиб ўзини Умид аканинг (Аҳмаджонов назарда тутилмоқда) таниши эканини айтиб, ичкарига киришга рухсат сўради. Табиийки, сержант менинг ёнимда бу кишини стадионга киритмаётган пайтда ичкаридан бир майор “Умид аканинг танишини киритиб юбор”, деб буйруқ берди. Энди савол туғилади: Аҳмаджоновнинг таниши одаму, бошқалар одам эмасми? Нега улар на бэйжик, на чипта ва на таклифномасиз стадионга кириб кетаверишлари керак, оддий мухлисни қўя турайлик, ОАВ ходими кириши мумкин эмас ёки ортиқча муаммо билан аранг беради? Хўш, бу саволга ким жавоб беради, муҳтарам Умид Аҳмаджоновми ёки ИИВнинг масъул ходимлари?

пальма-2.jpg

Яна бир савол мени ўйлантирмоқда: не машаққатлар билан стадионга кириб бордим ҳам. Дарҳақиқат, трибуна тўлиб бўлган, бўш жойни топиш амри маҳол эди. Лекин қўлида чиптаси билан стадионга киролмай қолган мухлислар ҳам 5-6 минг кишидан кам эмасди. “Бунёдкор” стадионига (“Миллий” стадион ҳали-ҳануз расмий ҳужжатларда “Бунёдкор” деб юритилмоқда) кириш эса турникет орқали амалга оширилишини инобатга олсак, бу ерда мухлис агар тўсиқдан “учиб” ўтмаса тўғридан-тўғри трибунага етиб келиши амри маҳол. У ҳолда мухлислар қандай қилиб трибуналардан жой олишган? Уларни ким стадионга киритиб юборган? Балки учрашувга ортиқча чипта чиқарилган, дейдиган бўлсак ЎФА матбуот хизмати ходими Ўзбекистон – Сурия учрашувига 32 мингта чипта чиқарилганини маълум қилган эди.

Ўзбекистонда мухлислар ва ОАВ ходимлари миллий терма жамоамизнинг 
ўйинларини нормал шароитда кўришлари учун Эктор Купер шогирдлари 
бир ютиб, бир ютқазиши керакми

Хуллас, савол кетидан савол туғилиб келаверади. Мени эса бошқа нарса ўйлантирмоқда, Ўзбекистонда мухлислар ва ОАВ ходимлари миллий терма жамоамизнинг ўйинларини нормал шароитда кўришлари учун Эктор Купер шогирдлари бир ютиб, бир ютқазиши керакми, негаки Туркия термасига имконият бой берилгач КХДР билан ўйинда бунақа “ажиотаж” ва муаммолар бўлмаганди. Ёки терма жамоа ўйинлари атрофида юзага келаётган ажиотажлардан кимлардир моддий манфаатдорми?

Отабек ЭШМАМАТОВ, ЎзА
5 565