ЎзА Ўзбек

10.07.2018 12:01 Чоп этиш версияси

«Мулкдорлар юзимга лой чаплашга ҳақли эмас...»

«Мулкдорлар юзимга лой чаплашга ҳақли эмас...»
Одамзод яралибдики, соф ҳаводан нафас олишга, соғлом турмуш тарзида умргузаронлик қилишга интилади. Шу боис ён-атрофимизни тоза, озода бўлишига алоҳида эътибор берамиз, мусаффо ҳавода нафас олгимиз келади. Бу борада бизга хизмат кўрсатувчи ташкилотлардан ўз вазифаларини сидқидилдан бажаришларини талаб қилишимизнинг боиси шудир балки.


Қибрай туманидаги Геофизика қўрғони, “Янгиобод” маҳалла фуқаролар йиғинига борганимизда, бу ҳудудда бир қатор муаммолар борлигини билмас эдик. Зеро, унгача бориш йўли жуда ораста ва кўркам бўлиб, маҳаллага кириладиган Беруний кўчасининг бошидаёқ йўл четида уюлиб ётган ахлатлар кайфиятимизни яхшигина бузди.

_DSC0005.JPG

Энг қизиғи, ахлат уюми ёнида маҳалла посбонлари учун махсус бино, сал нарида эса “Геофизика коммунал” ТСЖ жойлашган экан.

Вазифаси аҳолига хизмат кўрсатиш бўлган ТСЖга кириб, уларга шундоққина ойнадан кўриниб турган чиқиндилар ҳақида савол бердик.

– Жорий йилнинг январидан буён чиқиндилар ҳафтасига тўрт марта машинада йиғиб чиқилади, – дейди ТСЖ раҳбари Неъматилло Соҳибов. – Бунинг учун аҳоли ойига 3 минг 900 сўм тўлайди. Шох-шабба ва қурилиш материалларини олиб чиқиш учун алоҳида нарх белгиланган.

Узоққа бормай, ана шу чиқиндилар ёнидаги 74- ва 75-кўп қаватли уйларда яшовчиларни суҳбатга тортдик.

– Ахлатни ташлайдиган жой йўқ, – дейди Артур Амбарсумов. – Илгари эрталаблари машина келарди. Энди ҳафтасига бир марта келади ёки йўқ. Бу ёқда пишиқчилик. Қовун-тарвуз олиб келинади.

– Бир вақтлар бу ҳудудлар Ўзбекгеофизика акциядорлик жамиятига қарашли эди, – дейди Маъмура Отабоева. – Шунда ҳамма тараф тоза, озода эди. Энди эса аҳволни кўриб турибсиз... Ҳовлидаги ўтларни ўришга мардикор ёлладик. ТСЖ ҳеч бўлмаса, атрофни, ҳовлини тозалаб берсин, йўлакларни ўзимиз амаллаймиз. Уйларимиз ёнида кўча ёритгичлари ҳам йўқ. Аҳолининг 60 фоизи рус миллатига мансуб кексалар. Ўнқир-чўнқир йўлакларда зиналарга етгунча қоқилиб, нечтаси йиқилиб жароҳатланди.

– Маҳалламизда ободликка эътибор берилмаётгани ҳақида Порталга ёзган эдик, – дейди ўзини таништиришни истамаган аёл. – Ҳокимиятдан келиб, нега ёзасанлар, деб пўписа қилиб кетишди. ТСЖ эса “сендақа ёзувчиларга хизмат ҳам кўрсатмаймиз, пулингни ҳам олмаймиз”, деб дўқ қилмоқда. Исмимни эълон қилманглар, яна гап эшитиб юрмай.

Мана сизга яна бир муаммо. Жамиятдаги камчиликларни очиқчасига айтадиган фуқаролар тазйиққа учрайди. Жуда бўлмаса, бир баҳона топиб, уни зарар келтириш, бироз қўрқитиб қўйиш йўлини топишмоқда.

Коммунал хизматлар ва иссиқ сув учун пул тўлашга келган истеъмолчининг тўловини қабул қилмаслик... шунақаси ҳам бўларкан-да?!

_DSC0101.JPG

– Бу ёлғон. Мен кимман? Мулкдорлар билан ишлайман, хизмат қиламан. Шу уйда яшаётганлар ҳам ҳурматимни қилиб, биз билан муроса қилиши, юзимизга лой чапламаслиги керак эмас-ми? – дейди Н.Соҳибов. – Бизга қаршими? Тўловини қабул қилмайман. Тўловини қабул қилсам ҳам, қўшимча хизматларни фақат пулини олиб бажарамиз. Мана шу чиқиндилар уюми ўрнида олдига ахлат ташланадиган идиш қўйган эдик. У бу ерда яшовчиларга халақит берганмиш. Мана, олиб ташладик, барибир ахлат ташланяпти. Энди бу ҳолат бўйича ечим ахтариб юрибмиз.

Маҳалла ҳудудида 12 та кўчани икки нафар кўча супурувчи бир неча кунда бир марта айланиб чиқар экан. Албатта, қарийб уч минг нафар аҳоли яшайдиган маҳалланинг озодалигини таъминлашда бу ишчи кучи камлик қилади. Кўпига эса ТСЖ ҳақ тўлашни истамайди.

Н.Соҳибовнинг “аслида ҳудудни ободонлаштириш ишларига маҳалла қарайди, лекин уларга ёрдам бериш истагида чиқиндиларни ташиб кетишни бўйнимга олганман, энди ким келса, мен жавобгар бўлиб қолаяпман”, деган иддаосидан кейин биз маҳалла фуқаролар йиғини биносига бордик. У ерда котибдан бошқа ҳеч ким йўқ. У ҳам янги тайинланган экан. Котиб кўмагида маҳалла раисининг қўл телефонига қўнғироқ қилиб, “йўлдаман, ярим соатда бораман”, деган жавобни олдик. Айтилган муддат ўтиб, кутишдан зерикдик. Маҳалланинг савобу уволига жавоб берадиган яна ким бор, дея маҳалла посбони Бахтиёр Тиркашевга учрашдик.

Суҳбатлашиб турар эканмиз, ўзини Бахтиёр Хидаев деб таништирган инсон кириб келиб, шикояти борлигини айтди. У “Ҳур диёр” кўчасида яшашини, уйининг ёнидан марказий кўчага чиқиш дарвозаси борлигини, ана шу ерда ахлат уюми йиғилиб қолаётганини айтди. Посбон ва ТСЖ раҳбари бу масалани бартараф этиш учун бирлашишини ва бунинг учун фуқаро уларга ёзма мурожаат қилишини уқтирди.

Буни қарангки, энди қоғозбозлик. Чиқинди уюмини олиб кетилишини таклиф қилиб келган фуқарога “кўпчилик бўлиб ёзма мурожаат қилинглар”, дейишмоқда. Бу нега керак? Ишнинг амалда бўлгани яхши эмасми? Ёки ахлат олиб кетилгани учун кимгадир ёзма мурожаат кўрсатиладими? Аммо бу саволимизга жавоб ололмадик.

Биз маҳалла ҳудудида юрганимизда, ўзини Ўзбекгеофизика жамиятининг қурилиш бўлимига дахлдорман, деб таништирган С.Холниёзов келиб, барча чиқиндилар бир соатнинг орасида олиб кетилиши, жамиятда бу маҳалла учун алоҳида “Обод маҳалла” дастури ишлаб чиқилганини маълум қилди. “Ҳаммаси зўр бўлади, ҳеч қандай муаммо бўлмайди”, деган ваъдани берди.

Ҳақиқатда биз иш жойимизга етиб келгунча, маҳалла ҳудуди чиқиндилардан озод бўлгани ҳақидаги маълумот ва суратларни юборишди. Биз ҳам ўзимизча хурсанд бўлдик.

photo5325615755070384608.jpg

7310cac2-ae1a-4981-9983-7f3563f8b22f.jpg

* * * 

Орадан бир ҳафта ўтди. Маҳалла яна ўз ҳолига қайтибди. Ўша чиқинди уюмлари, ифлос кўчалар...

– Кўрдингиз, маҳалла масъуллари ўша куни мени танимаганга олишди, – дейди Бахтиёр Хидаев. – Аслида улар маҳаллада яшаётган ҳар бир инсонни таниши, унинг тақдири билан қизиқиши, дарду-қувончига шерик бўлиши керак эмасми?! Уйимиз ёнида чиқинди йиғилиб қолишини, қўшнилар билан бир амаллаб машина олиб келиб чиқариб ташлашимизни ҳам жуда яхши билишади. Фақат чора кўришни исташмайди, холос. Ёзда чиқиндиларнинг ҳиди чиқишидан ташқари, касаллик тарқатиш манбаи ҳам бўлишидан хавотирланиб, ТСЖ ва маҳалладан ёрдам сўрагандим. Бироқ, жим-жит. Натижа йўқ.

_DSC0036.JPG

_DSC0019.JPG



Сайёра Шоева, Ёқуб Мелибаев.(Сурат) ЎзА
7 453