ЎзА Ўзбек

31.08.2018 19:39 Чоп этиш версияси

Мукофотлар топширилди

Мукофотлар топширилди Термизда Президентимиз фармонига мувофиқ, Ватанимиз мустақиллигининг 27 йиллиги муносабати билан давлатимизнинг юксак мукофотларига сазовор бўлган бир гуруҳ юртдошларимизга орден ва медаллар тантанали равишда топширилди.

Мустақиллик йилларида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар самарасида илгари аграр ҳудуд саналган Сурхондарё вилояти саноати ривожланган воҳага айланмоқда. Айниқса, сўнгги икки йилда қурилиш, сервис ва хизмат кўрсатиш, таълим, тиббиёт, маданият, санъат ва бошқа соҳаларни ҳам жадал ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Вилоятдаги ислоҳотларда ўз меҳнати билан фаол иштирок этиб келаётганлар сафида Термиз шаҳридаги “Гулбаҳор нурли келажак” МЧЖ тўқувчиси, “Жасорат” медали соҳибаси Фотима Акбарова ҳам бор.

9 (1).jpg

– Давлатимизнинг юксак мукофоти билан тақдирланганимни эшитиб, беихтиёр кўзларимга қувонч ёшлари келди, – дейди Ф.Акбарова. – I гуруҳ ногирониман. Кўп йилардан буён шу корхонада меҳнат қилиб келмоқдаман. Менинг арзимас хизматим шундай катта мукофотга муносиб топилади, деб сира ўйламаган эканман. Кейинги йилларда мамлакатимиз иқтисодий-ижтимоий ҳаётида улкан янгиланишлар юз бермоқда. Хусусий тадбиркорлик янги босқичга кўтарилди. Ёшларнинг ўз бизнесини йўлга қўйишига алоҳида ғамхўрлик кўрсатилмоқда. Одамларнинг ҳаётдан рози бўлиб яшаши учун давлат томонидан барча шароитлар яратилмоқда. Ижтимоий ёрдамга муҳтож, ногиронлиги бўлган фуқаролар, кам таъминланган оилалар уй-жой билан таъминланаётгани одамларда меҳнатга муносабатни ўзгартириб, эртанги кунга ишончини мустаҳкамламоқда.

Холмўмин Маматрайимов, Жонибек Қўзимуродов (сурат) ЎзА
3 632