ЎзА Ўзбек

31.08.2018 18:31 Чоп этиш версияси

Мукофотлар тантанали топширилди

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг фармонларига кўра, Ватанимиз мустақиллигининг 27 йиллиги муносабати билан фахрий унвон, орден ва медаллар билан тақдирланган юртдошларимиз орасида бир гуруҳ жиззахлик турли соҳа ходимлари ҳам бор.

Энг улуғ, энг азиз байрам шукуҳи ҳукм сураётган шу кунларда Жиззах вилояти ҳокимлигида ушбу мукофотларни тантанали топшириш маросими ўтказилди.

Тадбирда Ватан равнақи, халқ фаровонлиги йўлида фаол меҳнат қилиб, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш, шаҳар ва қишлоқларнинг янада обод бўлишига катта ҳисса қўшаётган инсонлар ҳамиша қадр топиши, уларнинг меҳнати муносиб рағбатлантирилаётгани таъкидланди.

– Сўнгги йилларда мамлакатимизда аҳоли саломатлигини ҳимоя қилиш борасида кўп хайрли ишлар, катта ўзгаришлар амалга оширилди, – дейди вилоят перинатал маркази реанимация ва анестезиология бўлими катта ҳамшираси, “Дўстлик” ордени билан мукофотланган Зулфия Назарова. – Айниқса, оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилишга алоҳида эътибор қаратилаётгани этиборга молик. Ушбу юксак мукофотни барча тиббиёт ходимларига берилган, деб қабул қиламан.

Президентимиз фармонига кўра “Шуҳрат” медалига сазовор бўлган Зарбдор тумани Тоскесган қишлоғида яшовчи юз билан юзлашган Гулман Ҳакимовага давлат мукофоти унинг хонадонида тантанали топширилди.

Тошқул Бекназаров, ЎзА
2 053