ЎзА Ўзбек

26.07.2018 16:03 Чоп этиш версияси

Мукофот янги марралар сари чорлайди

Мукофот янги марралар сари чорлайди
Пойтахтимизда Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши томонидан “Илғор фермер”, “Меҳнаткаш деҳқон” ва “Намунали томорқачи” кўкрак нишонлари таъсис этилишига бағишланган брифинг ўтказилди.

Сўзга чиққанлар мамлакатимизда фермер ва деҳқон хўжаликлари фаолиятини янада такомиллаштириш, қишлоқ хўжалиги тармоғини ривожлантириш ва соҳа ходимларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасидаги ишлар самарали кечаётгани ҳақида фикр билдирди.

4c4fe417-c05f-4e86-80cd-fe3bbb76468f.jpg

Брифингда таъкидланганидек, Президентимизнинг 2018 йил 26 июндаги «Илғор фермер», «Меҳнаткаш деҳқон» ва «Намунали томорқачи» кўкрак нишонларини таъсис этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ таъсис этилган мазкур кўкрак нишонлари қишлоқ хўжалиги ходимларига руҳий кўтаринкилик ва катта куч бағишлайди.

“Илғор фермер”, “Меҳнаткаш деҳқон” ва “Намунали томорқачи” кўкрак нишонлари мамлакатимизда экологик тоза, арзон ва сифатли қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқаришга муносиб ҳисса қўшаётган, хорижий тажрибаларни пухта ўзлаштириб, жамоат ишларидаги фаоллиги билан аҳоли ўртасида алоҳида ҳурматга сазовор бўлган деҳқон хўжаликлари раҳбарлари, илғор томорқа ер эгалари, миришкор деҳқонлар ҳамда бошқа қишлоқ хўжалиги соҳаси ходимларига топширилади.

– Мукофотлар тақдим этилиши жараёнида шаффофликни таъминлаш мақсадида кенгаш томонидан махсус низом ишлаб чиқилиб, комиссия ташкил этилди, – дейди Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раисининг ўринбосари Фахриддин Кушанов. – Мазкур мукофотлар ҳар йили қишлоқ хўжалиги ходимлари куни арафасида, яъни декабрь ойининг иккинчи якшанба кунига қадар топширилади.

Гулноза Бобоева, ЎзА
3 919