ЎзА Ўзбек

08.08.2018 12:54 Чоп этиш версияси

Мудофаа вазирлигида Тожикистон делегацияси билан учрашув

Мудофаа вазирлигида Тожикистон делегацияси билан учрашув

7 август куни Ўзбекистон мудофаа вазири генерал-майор Абдусалом Азизов Ўзбекистонга расмий ташриф билан келган Тожикистон Республикаси мудофаа вазири генерал-полковник Шерали Мирзо бошчилигидаги ҳарбий делегацияни қабул қилди. Уларга Тожикистоннинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Содиқ Имомий ҳамроҳлик қилди.

Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати маълумотларига кўра, учрашув давомида ҳозирги кунда Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги ҳарбий ҳамкорликка оид масалалар муҳокама қилинди, ҳарбий-техника йўналишидаги алоқаларни мустаҳкамлаш борасида фикр алмашилди.

Ўзбекистон мудофаа вазири икки мамлакат ўртасидаги дўстона муносабатларни юқори баҳолади ва жорий йилнинг март ойида Ўзбекистон ва Тожикистон Президентлари ўртасида бўлиб ўтган учрашувнинг нақадар муҳим эканлигини таъкидлади.

4 (3).JPG

– Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистон Республикасига қилган ташрифи тарих зарварақларига муҳрланди ва ушбу воқеа икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликнинг давомий ривожланишига ижобий туртки бўлди, – дейди А.Азизов.

Шунингдек, Ўзбекистон мудофаа вазири ўз нутқида мамлакатларимиз ўртасида мудофаа соҳаси бўйича ҳамкорликни ривожлантиришнинг нақадар муҳим аҳамиятга эга эканлигини қайд этди.

Тожикистон Республикаси мудофаа вазири илиқ қабул учун миннатдорлик билдирди. У Ўзбекистон Қуролли Кучлари минтақадаги энг кучли ва замонавий қурол-аслаҳаларга, Ўзбекистон армиясининг ҳарбий хизматчилари жанговар ўқув машғулотлари борасида яхши базага эга эканлигини таъкидлади.

Бундан ташқари учрашувда шу йилнинг ўзидаёқ кўп томонлама алоқаларни ривожлантиришга ва давлатлараро мақсадли режаларни амалга оширишга эришилгани ҳақида сўз юритилди.

Суҳбат давомида Тожикистон мудофаа вазири ўзбекистонлик ҳарбий хизматчиларни мураккаб шароитда қўшма ўқув машғулотларида иштирок этиш ва армия жамоалари ўртасида спорт ҳамда маданий тадбирларни ўтказиш таклифини билдирди.

9 (3).JPG

Меҳмонлар Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги тасарруфидаги олий ҳарбий таълим муассасаларида профессионал кадрлар, айниқса, Жиззах олий ҳарбий авиация билим юртида учувчилар таркибини тайёрлаш масаласини юқори баҳолади.

Учрашув якунида икки мамлакат мудофаа идоралари раҳбарлари ўзаро 2018 йилги ҳарбий ҳамкорлик режасини имзолади. Шундан сўнг меҳмонлар Мустақиллик майдонидаги “Мотамсаро она” ҳайкали пойига гулчамбар қўйди.

Шунингдек, Тожикистон делегацияси Ўзбекистон Қуролли Кучлари академиясига ҳам ташриф буюриб, олий ҳарбий таълим муассасасининг фаолияти ва мақсади билан танишди, қўмондонлик ва штаб бўғинидаги ҳарбий кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишдаги замонавий ёндашувларни эътироф этди.

Тожикистон Республикаси ҳарбий делегацияси Чирчиқдаги ҳарбий полигонда ҳам бўлиб, “Танк биатлони” беллашуви бўйича ташкил этилган кўргазмали машғулотни томоша қилди.

Бугун Тожикистон Республикаси ҳарбий делегацияси Самарқанд ва Бухородаги тарихий ва маданий обидалар билан танишади.

Оқил Ғуломов (сурат), ЎзА
8 021