ЎзА Ўзбек

14.08.2019 20:57 Чоп этиш версияси

Мудофаа вазирлигида ҳарбий мобиль инновацион тиббий марказ яратилди

Мудофаа вазирлигида ҳарбий мобиль инновацион тиббий марказ яратилди

Бугун, 14 август куни Мудофаа вазирлигида ҳарбий мобиль инновацион тиббий марказнинг тақдимотига бағишланган маросим бўлиб ўтди.

Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти ЎзАга маълум қилди.

Тадбирда Мудофаа, Ички ишлар, Фавқулодда вазиятлар вазирликлари, Миллий гвардия ҳамда Давлат хавфсизлик хизмати масъул вакиллари иштирок этди.

Замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган ва жаҳон талабларига тўлиқ жавоб берувчи мазкур ҳарбий мобиль инновацион марказнинг афзаллиги шундаки, унда бир вақтнинг ўзида икки нафар оғир аҳволдаги беморга тиббий хизмат кўрсатиш, яна бир нафар беморда жарроҳлик амалиёти ўтказиш имконияти мавжуд. У ҳар қандай иқлим шароитида ишлашга мўлжалланган.

photo_2019-08-14_17-56-16.jpg

– Ушбу марказда барча мураккаб жарроҳлик амалиётлари, жумладан, коникотомия, трахеостомия, лапроцентез, таракоцентез, юрак жарроҳатланганда жароҳат олган қон томирларини тикиш ёки вақтинча шунт қўйиш бажарилади, – дейди Мудофаа вазирлиги тиббий таъминот бошқармаси бошлиғининг ўринбосари полковник Абдуғани Йўлдошев.

Мобиль марказда жарроҳлик амалиёти ўтказилаётганида жароҳатга инфекция тушишининг олдини олиш мақсадида махсус тўсиқ ва ичкаридаги ҳавони ташқарига чиқарувчи ҳаво фильтири ўрнатилган. Шунингдек, бу ерда жарроҳлик лампаси устига камера жойлаштирилган бўлиб, бу орқали жойлардаги ҳарбий госпиталларнинг тажрибали мутахассислари жараённи бевосита онлайн тарзда кузатишлари, зарур ҳолда ўз тавсия ва маслаҳатларини беришлари мумкин.

photo_2019-08-14_17-56-17.jpg

photo_2019-08-14_17-56-17.jpg

photo_2019-08-14_17-56-18.jpg

photo_2019-08-14_17-56-27.jpg

ЎзА
5 932