ЎзА Ўзбек

11.10.2018 21:27 Чоп этиш версияси

Мудофаа вазирлари билан икки томонлама учрашув ўтказилди

Мудофаа вазирлари билан икки томонлама учрашув ўтказилди Бугун, 11 октябрь куни “Hyatt Regency Tashkent” меҳмонхонасининг анжуманлар залида Ўзбекистон мудофаа вазири Абдусалом Азизов Арманистон, Озарбайжон ва Беларусь республикаларининг мудофаа идоралари раҳбарлари билан алоҳида икки томонлама учрашув ўтказди.

Учрашув давомида томонлар мудофаа ва ҳарбий таълим соҳасида ҳозирги кунда олиб борилаётган ҳамкорлик ҳамда унинг истиқболларига оид масалаларни муҳокама қилди, ҳарбий техника йўналишида ўзаро манфаатли алоқаларни мустаҳкамлаш борасида фикр алмашдилар.

Таъкидлаш керакки, Ўзбекистон мустақилликка эришганининг илк кунлариданоқ МДҲга аъзо мамлакатлар билан дўстона алоқаларни мустаҳкамлашга катта эътибор бериб келади, давлатлар ўртасидаги анъанавий-дўстона алоқаларга юқори баҳо беради ва жуда қадрлайди.

Мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик масалалари бутун Марказий Осиё минтақасининг хавфсизлиги ва барқарор ривожланиши йўлида муҳим аҳамият касб этади.

Озарбайжон ва Беларусь республикаларининг мудофаа вазирлари билан бўлиб ўтган учрашув якунида 2019 йил давомида Ўзбекистон мудофаа вазирлиги билан ҳарбий ҳамкорлик тўғрисидаги икки томонлама режалар имзоланди.

3.jpg

6.jpg

Ўзбекистон ва Беларусь республикаларининг Мудофаа вазирликлари ўртасидаги икки томонлама ҳарбий ҳамкорлик режасидан Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги раҳбариятининг Беларусга расмий ташрифлари, келгусида ҳам ҳарбий топография, геодезия, картография ва навигация соҳаларида ҳамкорликни давом эттириш, илмий ва илмий-педагогик кадрларни тайёрлаш масалалари ўрин олган. Шунингдек, Ўзбекистон ҳудудида Беларусь билан қўшма машғулотларини ўтказиш режалаштирилган.

Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасида ҳарбий таълим соҳасида тажриба алмашишга йўналтирилган тадбирларни ўтказиш режалаштирилган. Бундан ташқари режага кўра, ўзбекистонлик ҳарбий мутахассислар Озарбайжонда ўтказиладиган халқаро мусобақаларда кузатувчи сифатида иштирок этиши таъкидланган.

Эслатиб ўтамиз, 12 октябрь куни Ўзбекистон халқаро форумлар саройида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо мамлакатлар Мудофаа вазирлари кенгашининг 75-мажлиси бўлиб ўтади.

Унда Озарбайжон, Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистон мудофаа идораларининг раҳбарлари иштирок этади.



Фарҳод Абдурасулов (сурат), УзА
1 762