ЎзА Ўзбек

14.02.2020 Чоп этиш версияси

Мудофаа саноати комплексини барпо қилиш давлат мудофаа қобилиятини мустаҳкамлашнинг муҳим омилидир

Мудофаа саноати комплексини барпо қилиш давлат мудофаа қобилиятини мустаҳкамлашнинг муҳим омилидир

Узоқ йиллар давомида Қуролли Кучларимизни ҳарбий ва икки мақсадда фойдаланиладиган маҳсулотлар билан таъминлаш асосан импорт ҳисобидан амалга оширилиб келинган. Ушбу ҳолат нафақат миллий армиямизни ҳарбий ва махсус техника, қурол-аслаҳа ва бошқа зарур жиҳозлар билан ўз вақтида таъминлаш, балки мамлакат ҳарбий хавфсизлигини таъминлаш каби стратегик йўналишда хорижий давлатларга боғланиб қолишдек ҳолатни юзага келтирган эди.

Айни пайтда, республикамизда мавжуд мудофаа аҳамиятига эга бўлган “Чирчиқ авиация таъмирлаш заводи” давлат корхонаси, “Восток” илмий ишлаб чиқариш бирлашмаси“ давлат унитар корхонаси каби бир қатор корхоналар оғир иқтисодий аҳволга келиб қолган эди.

photo5345879067175529501.jpg

Мамлакатимиз ривожланишининг янги босқичида Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёевнинг ташаббусига кўра, 2017 йил 20 ноябрда давлат мудофаа буюртмаларини шакллантириш ҳамда мудофаа аҳамиятига эга бўлган ишлаб чиқариш соҳасида ягона давлат сиёсатини олиб боришга масъул бўлган давлат органи – Ўзбекистон Республикаси Мудофаа саноати бўйича давлат қўмитаси тузилди.

Қўмитанинг асосий вазифалари сифатида давлат мудофаа буюртмаларини шакллантириш ва бажаришни таъминлаш, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, ташкилотларнинг мудофаа саноати соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштириш, қурол-аслаҳа, ҳарбий ва махсус техникалар ҳамда бошқа мулкни ишлаб чиқариш, таъмирлаш, модернизация қилиш, халқаро ҳарбий ҳамкорликни йўлга қўйиш каби долзарб вазифалар белгиланди.

Ўтган икки йил мобайнида қўмита томонидан мамлакатимиз саноатининг ҳарбий ва икки мақсадда фойдаланиладиган маҳсулотларни ишлаб чиқариш салоҳиятини ривожлантиришни таъминлаш ва миллий армиямизни замонавий қурол-яроғ, жанговар техника, махсус воситалар ва айрим турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш бўйича мақсадли ишлар бажариб келинмоқда.

Жумладан, дунёнинг 20 дан ортиқ ривожланган давлатлари билан ҳарбий-техник ҳамкорлик ўрнатилди, 6 та хорижий давлат билан ҳукуматлараро комиссия фаолияти йўлга қўйилди, 10 дан ортиқ давлатлар билан ҳарбий-техник ҳамкорлик йўналишида халқаро битим ва келишувлар имзоланди. Тизимли равишда замонавий қурол-аслаҳа ва жанговар техникаларни харид қилиш ишлари амалга оширилмоқда.

photo5348214455642729486.jpg

Қуролли Кучларимизнинг ҳарбий ва икки мақсадда фойдаланиладиган маҳсулотларга бўлган талабларини ўз вақтида ва сифатли бажариш мақсадида 2018-2019 йилларда “КамАЗ“ автомобили шассисида юк ва махсус автомобиль техникаларини, ҳарбий мақсадда фойдаланиладиган радиоалоқа воситалари, нафас олиш органлари ҳимоя воситаларини, озиқ-овқат паёклари ва бошқа турдаги ҳарбий ва икки мақсадда фойдаланадиган маҳсулотларни ишлаб чиқариш бўйича бир қанча тармоқлараро лойиҳалар амалга оширилди.

Мудофаа вазирлиги куч ва воситаларини жалб қилган ҳолда мавжуд, моддий ва маънавий жиҳатдан эскирган қурол-аслаҳаларни модернизация қилиш бўйича ишлар изчил амалга оширилмоқда.

Жумладан, БМ-21 “Град” русумли ялпи ўт очиш реактив тизими янги замонавий шассига ўрнатилди ва бу тизим амалий синовлардан муваффақиятли ўтди.

БТР-70 русумли транспортёрга янги замонавий дизель двигатели, узатиш қутиси ўрнатилиб мобиль имкониятлари оширилди. Шунингдек, шахсий таркиб ҳимоясини ошириш мақсадида қўшимча зирҳ ва кумулятив панжара билан жиҳозланди.

Т-64 русумли танкнинг куч бўлими тўлиқ реконструкция қилиниб, замонавий, катта қувватга эга двигатель ва трансмиссия агрегатлари қўйилди, рақамли алоқа воситалари билан жиҳозланди.

Газ-66 русумли автомобилларига “ISUZU” двигателлари ва узатиш қутиларини ўрнатган ҳолда модернизация қилиш йўлга қўйилди. Бу, ўз навбатида, уларнинг ҳаракатчанлик ва мобиль имкониятларини оширди.

photo5348214455642729488.jpg

Шунингдек “КамАЗ“ автомобиллари шассида барча шароит ва ҳудудларда қўшинлар бошқарувини таъминлай оладиган мобиль қўмондонлик бошқарув пункти, шунингдек, замонавий асбоб ва ускуналар билан жиҳозланган, ҳар қандай мураккаб тиббий амалиётларни амалга оширишга қодир тиббиёт пункти яратилди.

Бундан ташқари, “Чирчиқ авиация таъмирлаш заводи“ ДК реконструкция қилиниб, тўлиқ капитал таъмирдан чиқарилди ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозланди, бунинг натижасида корхона томонидан кўрсатилаётган хизмат турларини кенгайтириш имкони яратилди. Жумладан, Ми русумидаги вертолётларнинг таъмирланаётган жиҳозлари номенклатураси ортди, Су-25 русумли самолётларни таъмирлаш ўзлаштирилмоқда.

“Восток“ ИИБ ДУКда бугунги кунда ўқотар қуроллар учун ўқ-дорилар ишлаб чиқарилмоқда. Амалга оширилган тадбирлар натижасида 2020 йилнинг биринчи ярмида янги турдаги патронлар ишлаб чиқарувчи линиянинг ишга туширилиши режалаштирилмоқда.

Ҳарбий кийим-анжомларни ишлаб чиқариш бўйича Ўзбекистон–Туркия қўшма корхонаси тузилиб, 2019 йилда дастлабки цех фаолияти йўлга қўйилди. 2020 йил II кварталда корхона тўлиқ қувватда ишга туширилиши режалаштирилган.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, 2020 йилда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа саноати бўйича давлат қўмитаси томонидан қўмита тасарруфидаги (“Восток“ ИИБ ДУК, “Чирчиқ авиация таъмирлаш заводи“ ДК, “Инновацион технологиялар маркази“, “MS TexMash” ва “MS RemTex” МЧЖлар) ва маҳаллий корхоналар (“KRANTAS”, “ISUZU” ва бошқалар) да ишлаб чиқарилаётган ҳарбий ва икки мақсадда қўлланадиган маҳсулотлар ва хизматлар кўрсатиш кўрсаткичларини икки баробарга ошириш режалаштирилган.

Аммо шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, юқорида амалга оширилган ишлар ва эришилган натижалар миллий армиямизни замонавий қурол-аслаҳа ва ҳарбий техникалар билан таъминлашга қодир бўлган тўлақонли мудофаа саноати секторини барпо этиш учун етарли эмас. Юқорида белгиланган пировард натижаларга эришиш ҳамда мамлакатимиз мудофаа салоҳиятини мустаҳкамлаш мақсадида 2020-2025 йилларда Ўзбекистон Республикаси мудофаа саноатини янада ривожлантиришга қаратилган амалий ҳаракатлар режаси (“Йўл харитаси”) ишлаб чиқилмоқда.

Ушбу режада Ўзбекистон Республикаси Президенти – Қуролли Кучларимиз Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 24 январдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасидан келиб чиққан ҳолда 2020 ва кейинги йилларда асосий эътибор Қуролли Кучларимизни замонавий қурол-аслаҳа, ҳарбий ва махсус техника ҳамда бошқа маҳсулотларга бўлган эҳтиёжларини тўлиқ таъминлашга, маҳаллий ишлаб чиқариш корхоналари фаолиятини такомиллаштиришга, ишлаб чиқарилаётган ҳарбий ва икки мақсадли маҳсулот турлари ва номенклатурасини кўпайтиришга, корхоналарга турли имтиёзлар яратган ҳолда маҳсулотлар таннархини тушириш ва уларнинг экспортбоплигини оширишга қаратилади.

Ўзбекистон Республикаси 
Мудофаа саноати бўйича давлат қўмитаси

2 684
ЎзА