ЎзА Ўзбек

23.12.2016 17:31 Чоп этиш версияси

Муддатли ҳарбий хизматга чақириш тизими такомиллашмоқда

Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 21 декабрдаги «Ўзбекистон Республикаси фуқароларини муддатли ҳарбий хизматга навбатдаги чақируви ҳамда белгиланган хизмат муддатларини ўтаб бўлган ҳарбий хизматчиларни Қуролли Кучлар резервига бўшатиш тўғрисида»ги қарорига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.

Анжуманда мамлакатимиз мудофаа қудратини янада мустаҳкамлаш, халқимизнинг тинч-осойишта ҳаёти, сарҳадларимиз дахлсизлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар юксак самаралар бераётгани таъкидланди.

Мустақиллик йилларида миллий армиямиз сафларини тўлдириш тартиби изчил ва босқичма-босқич такомиллаштирилмоқда.

Бугунги кунда ёшларимиз ўртасида ҳарбий хизматнинг обрў-эътибори юксак даражага кўтарилди, армияга ёндашув ва қарашлар бутунлай ўзгарди. Эндиликда армияда хизмат қилиш ҳар бир фуқаро учун алоҳида маъно-мазмунга эга бўлиб, нафақат конституциявий бурч, балки юксак шарафга айланди.

Қуролли Кучларимизда ўтказилаётган бундай ислоҳотлардан кўзланган асосий мақсад ҳарбий хизматга фан ва техниканинг сўнгги ютуқларини ўзлаштирган, интеллектуал салоҳиятли, жисмонан бақувват ва соғлом фуқароларни чақиришдан иборат. Бу миллий армиямизни малакали ва етук кадрлар билан таъминлаш, Қуролли Кучлар салоҳиятини янада ошириш ва мудофаа қудратини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади.

– Фуқароларнинг муддатли ҳарбий хизматни ўташ тизимини такомиллаштириш борасида кўрилган чора-тадбирлар Қуролли Кучларни чақирилувчилар билан тўлдиришни сифат жиҳатидан яхшилаш имконини бермоқда, – дейди Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги бошқарма бошлиғи ўринбосари Назиржон Ниёзматов. – Биринчи Президентимизнинг 2008 йил 20 ноябрдаги «Фуқароларнинг Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларида муддатли ҳарбий хизматни ўташ шарт-шароитларини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонига кўра муддатли ҳарбий хизматга чақирув йилига бир марта амалга оширилмоқда.

Фуқароларни муддатли ҳарбий хизматга танлов асосида чақириш тизими яратилди. 2016 йилнинг май ойида Мудофаа вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази ҳамкорлигида муддатли ҳарбий хизматга чақириш чоғида фуқароларга бир хил шарт-шароит яратиб бериш, ошкоралик ва ижтимоий адолатни таъминлаш, уларнинг билим савияси ва умумжисмоний тайёргарлик даражасини холисона баҳолаш мақсадида «Муддатли ҳарбий хизматга чақирилаётган чақирилувчилар танловини ўтказиш тартиби тўғрисида»ги низом ишлаб чиқилди.

Тадбирда муддатли ҳарбий хизматга чақирилаётган ёшларнинг соғлиғига бўлган талаблар, тиббий комиссиядан ўтиш тартиби каби масалалар юзасидан ахборот берилди. Журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.

Нурилло Насриев, ЎзА
5 377